ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББга мактаб интернати ҳудудида бомба борлиги ҳақида хабар келиб тушди, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
"Кеча, 5 февраль куни соат 18:18 ларда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида яшовчи Л.Кучеренко маст ҳолда 103-сонли ақли заифлар мактаб-интернатида ўқиётган ўғли И.В.ни уйига олиб кетгани келганида интернат раҳбарияти маст ҳолда бўлгани учун олиб кетишига рухсат бермаган. Кучеренко Тошкент шаҳар ИИББнинг 102 хизматига қўнғироқ қилиб, юқоридаги мактаб интернати ҳудудида бомба бор, деб ёлғон хабар берган", — деб таъкидлашди ИИББда.
Мазкур хабар юзасидан воқеа жойига ҳуқуқни ҳимоя қилувчи бошқа идора ходимлари етиб келиб, мактаб-интернат ҳудудини текширганларида хеч қандай портловчи моддалар ва шубҳали буюмлар топилмаган.
Кўрилган чоралар натижасида ёлғон хабар берган Л.Кучеренко ушланган. Суриштирув ишлари олиб борилмоқда.