Самарқанд вилояти ҳокими украиналик сиёсатчи билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди

Экспорт-импорт амалиётларини кенгайтириш, инвестицион лойиҳаларни кўриб чиқиш, туризмни ривожлантириш, илмий ишланмалардан фойдаланиш ва мутахассис-технологларни жалб этиш, шунингдек, маданий-гуманитар тадбирларни амалга ошириш ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида белгилаб олинди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 фев — Sputnik. Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси ташаббуси билан Самарқанд вилояти ҳокими Т. Жўраев ва Львов вилояти давлат маъмурияти раиси Олег Синютканинг телефон орқали мулоқоти ташкил этилди, деб хабар қилди "Жаҳон" ахборот агентлиги.

Туробжон Жўраев раҳбарларга уларнинг жавобгарлиги ҳақида эслатди
Суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш имкониятлари ва йўллари муҳокама қилинди. О. Синютка ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришда ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини айтди. Бинобарин, у ҳамкасби томонидан шу йил май ойида Самарқанд вилоятига Львов вилоятидаги ишбилармон гуруҳлар ва савдо палатаси аъзолари билан ташриф буюришга оид билдирилган таклифни бажонидил қабул қилди.

Экспорт-импорт амалиётларини кенгайтириш, инвестицион лойиҳаларни кўриб чиқиш, туризмни ривожлантириш, илмий ишланмалардан фойдаланиш ва мутахассис-технологларни жалб этиш, шунингдек, маданий-гуманитар тадбирларни амалга ошириш ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида белгилаб олинди.

Ўз навбатида Синютка Самарқанд вилояти ҳокими бошчилигидаги делегацияни шу йил октябрь ойида Ғарбий Украина пойтахтида бўлиб ўтадиган халқаро иқтисодий форумда иштирок этиш учун таклиф қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2004 йил 25 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Украинанинг Львов вилояти давлат маъмурияти ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисида Келишув имзоланганди.