ТОШКЕНТ, 1 фев — Sputnik. Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси ташаббуси билан Самарқанд вилояти ҳокими Т. Жўраев ва Львов вилояти давлат маъмурияти раиси Олег Синютканинг телефон орқали мулоқоти ташкил этилди, деб хабар қилди "Жаҳон" ахборот агентлиги.
Экспорт-импорт амалиётларини кенгайтириш, инвестицион лойиҳаларни кўриб чиқиш, туризмни ривожлантириш, илмий ишланмалардан фойдаланиш ва мутахассис-технологларни жалб этиш, шунингдек, маданий-гуманитар тадбирларни амалга ошириш ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида белгилаб олинди.
Ўз навбатида Синютка Самарқанд вилояти ҳокими бошчилигидаги делегацияни шу йил октябрь ойида Ғарбий Украина пойтахтида бўлиб ўтадиган халқаро иқтисодий форумда иштирок этиш учун таклиф қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2004 йил 25 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Украинанинг Львов вилояти давлат маъмурияти ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисида Келишув имзоланганди.