ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Самарқандда 30 январдан иккинчи трамвай линияси расман ишга тушади, деб хабар қилди Самарқанд ҳокимлиги матбуот-хизмати.
Янги йўналиш бўйича синов сафари бугун, 25 январда ўтказилиши, етказиб келинган травмайлар айни вақтда эксплуатацияга тайёрланаётгани айтилган эди.
Ҳокимлик матбуот-хизмати Спутник Ўзбекистон мухбирига, бугун биринчи синов ўтказилгани, аниқланган камчиликлар устида уларни баратараф этиш бўйича ҳозирдан иш бошланганини хабар қилди.
"Расмий очилиш маросими 27-январда бўлиб ўтади. Бунда албатта, аҳолини хабардор қиламиз. Тошкентдан ҳам расмий вакиллар келишади", — деди ҳокимлик вакили.
"Вокзал-Сиёб бозори" йўналиши 5 километрдан иборат бўлиб, 18 та бекатни ўз ичига олган. Ҳар қатнов оралиғи 7 минут. Йўловчи бу йўналишда шаҳар вокзалидан Сиёб бозорига 20 дақиқада етиб олиши мумкин
Келгусида Самарқанд шаҳрида 3-трамвай линиясини ишга тушириш режалаштирилган. 23,2 километр узунликдаги бу линия шаҳарнинг Буюк ипак йўли кўчасидан Кимёгарлар шаҳарчасига қадар ҳаракатланади.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд шаҳрида трамвайлар ҳаракати ўтган йилнинг апрелидан бошланган эди.