ТОШКЕНТ, 14 авг — Sputnik. Самарқанд шаҳрида турли рангдаги пуфаклар билан безатилган трамвай тасвирга олинган видео ҳақида Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари турли фикрлар билдиришмоқда.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ ижтимоий тармоқларда Самарқанд трамвайида "романтик" учрашув тасвирланган видео тарқалган эди.
Видеода акс этганидек, трамвай ичи гуллар, пуфаклар, чироқлар билан безатилган. Транспорт ичида эса йигит ва қиз ҳамда трамвай ҳайдовчисидан бошқа ҳеч ким йўқ — демак воқеа атай уюштирилган.
Трамвай ўтиб кетаётган вақтда кўчадаги йўловчилардан бири тасвирга олган видео интернетда тарқалганидан сўнг, турли фикрлар билдирилди.
Айрим интернет фойдаланувчилар видеони президент Шавкат Мирзиёевнинг 3 август куни ижодкор зиёлилар билан учрашуви чоғида тўй-ҳашамлардаги ортиқча дабдаба ва сарф-ҳаражатларни қисқартириш борасидаги фикрлари билан боғлашди.
Яна бир гуруҳ фойдаланувчилар бу воқеани кескин танқид остига олди. Трамвайни фақатгина икки киши учун ажратиш, стига устак уни безатиш ва шахсий манфаат учун фойдаланиш салбий баҳоланди.
Бу фикрларга қарши чиққан фойдаланувчилар ҳам топилди. Айримлар буни ижобий баҳолаб, бу шунчаки "романтик муҳит" эканлигини ёзишди.
"Ҳеч ёмон нарса кўрмаяпман, улар романтик шароитда кетишган", — деб изоҳ ёзган Шахноза Дўсматова.
"Ёмон жойи йўқ буни. Эплаптими омадини берсин", — деб ёзган Нодир Абдурахмонов.
"Баракалла, жуда чиройли ходиса бўлди. Ҳозирги вақтда бундай қилаётган ёшлар кам, сизларга бахт ва тинч ҳаёт тилайман", — деб қўшимча ёзган Алишер Азимов.