ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. Ички ишлар вазирлигида диний масалалар билан бевосита шуғулланадиган мутасадди ташкилотлар масъулиятини янада кучайтириш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, деб хабар қилди Ўзбекистон ИИВ матбуот-хизмати.
Йиғилишда сўзга чиққан, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Юсупов ислом дини ниқоби остида қон тўкаётганлар, асл ислом дини моҳиятини тушунмаслигини, ислом дини ҳеч қачон терроризм ва экстремизмга йўл бермаслигини таъкидлади.
Ортиқов бу борада маҳалла, ички ишлар органлари ходимлари ва диний уламолар ҳамжиҳат бўлиши, бир ёқадан бош чиқариб ўз фаолиятини тўғри ташкил қилиш лозимлигини билдириб, диний экстремистик оқимлар аъзоси сифатида ички ишлар органларида махсус рўйхатдан чиқарилган фуқароларни келгусида қўллаб-қувватлаш, уларнинг нопок йўлларга кириб қолишини олдини олиш, турли бузғунчи кучлардан ҳимоя қилиш бўйича ишлар энди янги босқичга чиққанлигини, улар билан профилактик ишларни кучайтириш лозимлигини қайд этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур томонидан йиғилиш иштирокчиларига Қуръони каримнинг баъзи оятлари тафсири тушунтирилиб, хусусан, террорчи ва экстремистик кучлар ислом дини ниқоби остида Қуръон оятларини бузиб талқин қилиш орқали, ўз манфаатлари йўлида фуқароларни бузуқ эътиқодга эргаштираётганликлари айтилди.
Миссионерлик ва прозелитизм каби иллатларнинг тарқалиш сабаблари ҳам йиғилишда муҳокама қилиниб, келгусида бу турдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва уларни олдини олиш ишларида дин масалалари бўйича мутахассислар билан ҳамкорликда амалга оширилиши зарур бўлган таклиф ва мулоҳазалар баён этилди.