ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. Марказий Осиё мамлакатларида умр кўриш давомийлиги бўйича Ўзбекистон биринчи ўринда қайд этилди. Бу ҳақидаги маълумотлар Халқаро алоқалар бўйича Қозоғистон кенгаши томонидан тақдим этилган "Марказий Осиёда 2018 йилдаги энг муҳим воқеалар" таҳлилий материалидан ўрин олди, деб ёзади "Халқ сўзи" нашри.
Шунингдек, манбада келтирилишича, ўтган йилда минтақа аҳолиси сони 70 миллионлик маррани ортда қолдирди. Одамлар ёш тизимидаги бундай ўзгаришлар кўп жиҳатдан умр кўриш давомийлиги ортгани ва ўлим миқдорининг камайгани билан изоҳланган.
Қолаверса, жорий йилда Марказий Осиё мамлакатларида болалар сони ортиши таъкидлаб ўтилган. Масалан, ўтган йил бошида 14 ёшгача бўлган ёш авлод вакиллари қарийб 20,5 миллионга етиб, умумий аҳолининг 29 %ини ташкил этган. Жорий йилда эса бу кўрсаткич аҳолининг ўртача кўпайиш суръатлари сақланиб қолган ҳолда 30 %га етиши прогноз қилинаяпти.