ТОШКЕНТ, 7 янв – Sputnik. Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари Сергели туманидаги кўп қаватли уйнинг лифти ичида қолиб кетган фуқароларни қутқариб олишди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, 5 январь куни соат 05:06 да Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчи диспетчерига техник носозликлар туфайли Сергели-5 даҳасидаги кўп қаватли уйнинг лифти тўхтаб қолганлиги, лифт ичида эса беш нафар киши қолиб кетганлиги маълум қилинган.
“Қутқарувчилар зудлик билан айтилган манзилга етиб бориб, 3- ва 4-қаватлар орасида тўхтаб қолган лифт ичидан фуқароларни чиқариб олдилар. Қутқарувчиларнинг ўз вақтида кўрсатган ёрдамлари натижасида ҳеч ким жабрланмади”, дейилади хабарда.