ТОШКЕНТ, 21 дек — Sputnik. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Янги йилни кутиб олиш тадбирларида турли хил кўнгилсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида аҳоли гавжум йиғиладиган, байрам арчалари ўрнатиладиган барча объектларда, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида профилактик тадбирлар ўтказилмоқда, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбири.
Жумладан, аҳоли гавжум йиғиладиган ва байрам тадбирлари ўтказиладиган объектларда эвакуатсия режалари мавжудлиги, аттраксионларнинг техник созлиги, шунингдек, байрам тадбирлари ўтказиладиган жойларга олиб борадиган йўллар (туннеллар)нинг ҳолати ўрганиб чиқилмоқда.
Ўтказилаётган профилактик тадбирлар доирасида ФВВ томонидан республиканинг шаҳар ва туманларидаги барча умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, маданият ва истироҳат боғлари раҳбарлари билан алоҳида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
ФВВ ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимиятларига, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, маданият ва истироҳат боғлари раҳбарларига байрам ўтказиладиган объектларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш талабларига асосан тайёрлаш ҳамда ишчи ва ходимларни кутилмаган ҳодисаларда тўғри ҳаракат қилишга ўргатиш ишларида ташкилий-методик ёрдам кўрсатилмоқда.