Ходжаев Ўзбекистон туризмига сармоя киритиш учун бешта йўналишни таклиф қилди

© SputnikХоджаев предложил пять направлений для инвестиций в туризм Узбекистана
Ходжаев предложил пять направлений для инвестиций в туризм Узбекистана - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.11.2026
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон хорижий инвесторларга меҳмонхона ва курортлар қуриш, тоғ, экологик, тиббий туризм ҳамда транспортни ривожлантиришни таклиф этди.
ТОШКЕНТ, 25 ноя — Sputnik. Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев мамлакат туризм соҳасига сармоя киритиш учун бешта устувор йўналишни таклиф қилди. У бу ҳақда Тошкентда ўтказилаётган биринчи халқаро туризм инвестиция форумининг очилишида маълум қилди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Ходжаев хорижий инвесторларни қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик қилишга чақирди:
халқаро брендлар билан ҳамкорликда замонавий меҳмонхоналар ва курортлар қуриш;
Бўстонлиқ, Чимён, Амирсой, Чорвоқ, Зомин ва бошқа ҳудудларда йил давомида фаолият юритадиган тоғ ва экологик туризм марказларини ташкил этиш;
Самарқанд, Бухоро ва Хивада тарихий мерос билан уйғунлашган меҳмонхоналар, гастрономик ва маданий мажмуаларни барпо этиш;
тиббий, соғломлаштириш ва кинотуризм каби янги йўналишларни ривожлантириш;
транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш.
Йирик инвестиция лойиҳалари
Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда туризм соҳасида умумий қиймати 6,2 млрд долларлик стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Улар орасида Тошкент яқинидаги йил давомида ишлайдиган курортлар, "Sea Breeze Uzbekistan", Қашқадарёдаги тоғ-чанғи курорти, пойтахтдаги "Iron Fort" ва "Ritz-Carlton" меҳмонхоналари, Наманган вилоятидаги "Арашан" курорт мажмуаси ва Тошкент вилоятидаги "Чимён" халқаро курорти бор.

Ҳудудларда янги туризм лойиҳаларини амалга ошириш учун қўшимча 5 минг гектар ер ажратилади. Умумий қиймати 11 млрд долларлик лойиҳаларни амалга ошириш ишлари бошланади.
Бир йил ичида 34 та лойиҳа бўйича мастер-режалар ишлаб чиқилиши, халқаро брендлар остида фаолият юритувчи меҳмонхоналар сони эса 100 тага етказилиши режалаштирилган.
Хорижий инвесторлар учун имтиёзлар
Ходжаевнинг таъкидлашича, туризм Ўзбекистон иқтисодиётининг стратегик тармоғига айланмоқда.
"Биз хорижий инвесторлар учун қулай ишбилармонлик муҳити ва ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратмоқдамиз", — деди у.
Меҳмонхоналар қурилиши учун имтиёзли молиявий ресурслар ажратилмоқда, ер ва мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар 2030 йилгача узайтирилган. Шунингдек, юлдузли меҳмонхоналарни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.
Ходжаев хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатувчи туристик агентликлар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинганини, бу эса уларга турпакетларни 20 фоизгача арзонроқ сотиш имконини беришини таъкидлади.
Туризм соҳасидаги натижалар ва режалар
2026 йилнинг дастлабки ўн ойида Ўзбекистонга 11,6 млн нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19,4 фоизга кўп. Туризм хизматлари экспорти эса қарийб 1,5 бараварга ошиб, 6,1 млрд долларга етди.
Сўнгги икки йилда узоқ хориждан келаётган сайёҳларнинг Ўзбекистонда бўлиш муддати ўртача 6 кундан 8 кунгача узайди.
Жорий йилда мамлакатда 177 та янги меҳмонхона, 479 та оилавий меҳмон уйи ва 245 та хостел очилди.
2030 йилга бориб Ўзбекистонда қуйидаги кўрсаткичларга эришиш мақсад қилинган:
хорижий сайёҳлар сонини 20 млн нафарга етказиш;
туризмнинг иқтисодиётдаги улушини 7 фоизга ошириш;
туризм хизматлари экспортини 10 млрд долларга етказиш;
ички саёҳатлар сонини 25 миллионтага етказиш.

Маълумот учун, Тошкентдаги "Central Asian Expo Uzbekistan" (CAEx) мажмуасида "Ипак йўлида туризм" 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси доирасида биринчи халқаро туризм инвестиция форуми бўлиб ўтмоқда. Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда 20 дан ортиқ давлатдан 100 нафардан зиёд йирик инвестор ва 200 дан ортиқ хорижий делегат иштирок этмоқда.

КенгайтиришЙиғиштириш
В Бухаре создается новый центр для международных мероприятий и туристов - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 03.11.2026
Бухоро халқаро саммитларга тайёрланмоқда: 105 млн долларлик марказ ва янги меҳмонхоналар
Янгиликлар лентаси
0