Қариндошни йўқлашдан даволанишгача: Ўзбекистонга келаётган сайёҳларнинг мақсади ўзгармоқда

© Sputnik / Бахром ХатамовТуристы в Узбекистане
Туристы в Узбекистане - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.11.2026
Oбуна бўлиш
Илгари қўшни давлатлардан келган сайёҳларнинг 80 фоизи қариндошларини йўқлаган бўлса, бугун ҳар тўрт нафаридан бири даволаниш учун келмоқда.
ТОШКЕНТ, 25 ноя — Sputnik. Ўзбекистонга қўшни давлатлардан келаётган сайёҳларнинг ташриф мақсадларида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Бу ҳақда Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов Тошкентда ўтказилаётган биринчи халқаро туризм инвестиция форумида маълум қилди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Таъкидланишича, илгари қўшни давлатлардан келган сайёҳларнинг қарийб 80 фоизи қариндошларини йўқлаш мақсадида ташриф буюрган бўлса, сўнгги сўровнома натижаларига кўра, бу кўрсаткич 25,2 фоизга тушган.
Бугунги кунда уларнинг ташриф мақсадлари қуйидагича:
саёҳат ва дам олиш — 26,5 фоиз;
қариндошларини йўқлаш — 25,2 фоиз;
даволаниш — 25,2 фоиз;
харид қилиш, зиёрат, таълим ва ишбилармонлик туризми — 23,1 фоиз.
Шунингдек, жорий йилнинг ўн ойида Хитойдан келган сайёҳлар сони икки баравар, Мисрдан 1,9 баравар, Малайзиядан 1,7 баравар, Индонезиядан 1,6 баравар ошган. Япония, АҚШ, Россия ва Европа давлатларидан келаётган сайёҳлар сонида ҳам барқарор ўсиш кузатилмоқда.
Туризм хизматлари экспортининг ўсиш суръати сайёҳлар оқимининг ўсиш суръатидан қарийб 2,6 баравар юқори бўлмоқда.
"Бугун Ўзбекистонда нафақат туристлар сони, балки туризм хизматларига бўлган талабнинг таркиби ҳам ўзгармоқда. Бу меҳмонхона бизнеси, тиббий ва соғломлаштириш туризми, савдо, гастрономия ва кўнгилочар индустрияга инвестициялар киритиш учун янги имкониятлар очмоқда", — деди Аққулов.
Инвесторларга янги лойиҳалар таклиф этилмоқда
Ҳудудлар ва тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда туризм соҳасида 380 дан ортиқ истиқболли инвестиция лойиҳаси шакллантирилди.
Форум доирасида 11 та сессия ўтказиш, "Radisson", "Wyndham", "Mövenpick", "Minor Hotels" ва "Accor" каби халқаро брендлар иштирокида меҳмонхона лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришиш кўзда тутилган.
2030 йилгача туризм соҳасига жалб этиладиган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини 3 млрд доллардан ошириш, соҳада банд бўлганлар сонини 2 млн нафарга етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналар, туризм қишлоқлари ва туристик кўчалар сонини икки баравар кўпайтириш кўзда тутилган.
26 ноябрь куни "Ипак йўлида туризм" 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркасининг, 27 ноябрь куни эса БМТ Туризм ташкилоти билан ҳамкорликда "2027 йил — Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили"нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
Ходжаев предложил пять направлений для инвестиций в туризм Узбекистана - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.11.2026
Ходжаев Ўзбекистон туризмига сармоя киритиш учун бешта йўналишни таклиф қилди
Янгиликлар лентаси
0