Жаҳон шахмат тожи учун баҳс арафасида: Синдаров ва Гукеш бир-бирини қандай баҳолади

© REUTERS / Pierre AlbouyПресс-конференция с участием Жавохира Синдарова и Гукеша Доммараджу
Пресс-конференция с участием Жавохира Синдарова и Гукеша Доммараджу - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 23.11.2026
Oбуна бўлиш
Синдаров жаҳон тожи учун Гукеш билан баҳсга олти ойлик жиддий тайёргарлик ҳам етарли бўлмаслиги мумкинлигини таъкидлади.
ТОШКЕНТ, 22 ноя — Sputnik. Швейцариянинг Женева шаҳрида жаҳон шахмат тожи учун баҳс олдидан Жавоҳир Синдаров ва амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар берди "The Times of India".
Синдаровнинг айтишича, битта рақиб билан кетма-кет 14 партиягача ўйнашга тайёргарлик одатдаги мусобақалардан жиддий фарқ қилади.
Дастлаб у олти ой етарли деб ўйлаган, аммо ҳозир бу муддат ҳам камлик қилиши мумкинлигини тушунган.
Ўзбекистонлик гроссмейстер чемпионлик имкониятларини 50 га 50 деб баҳолади. Унинг таъкидлашича, Гукеш кучли шахматчи, айниқса мураккаб позицияларни ҳисоблашда ва охиригача курашишда катта маҳоратга эга.
Гукеш эса Синдаровнинг сўнгги пайтлардаги барқарор натижаларини юқори баҳолади. У ўзбекистонлик рақибини турли позицияларда яхши ўйнай оладиган универсал шахматчи деб таърифлади.
Синдаров сентябрь ойида "Reuters" агентлигига берган интервьюсида Гукешнинг сўнгги мусобақалардаги натижаларига алоҳида аҳамият бермаётганини айтган эди.
Унинг таъкидлашича, жаҳон чемпионлиги учун баҳсда ҳиндистонлик шахматчи бутунлай бошқача ўйин кўрсатиши мумкин. Шу боис Синдаров рақибининг энг кучли ўйинига қарши тайёргарлик кўраётганини билдирган.
Жаҳон тожи учун баҳс қандай ўтади?
Халқаро шахмат федерацияси — FIDE тасдиқлаган регламентга кўра, чемпионлик баҳси кўпи билан 14 та классик партиядан иборат бўлади.
Ғалаба учун 1 очко, дуранг учун 0,5 очко берилади.
Биринчи бўлиб 7,5 очко тўплаган шахматчи жаҳон чемпиони бўлади.
Агар 14 партиядан кейин ҳисоб 7:7 бўлса, ғолиб тай-брейкда аниқланади.
Ҳар бир шахматчига дастлабки 40 юриш учун 120 дақиқа берилади. Кейин яна 30 дақиқа қўшилади. 41-юришдан бошлаб ҳар бир юриш учун қўшимча 30 сония ажратилади.
Қора доналар билан ўйнаётган шахматчининг 40-юришигача дуранг таклиф қилиш мумкин эмас. Регламентда айрим истиснолар белгиланган.
Тай-брейкда дастлаб ҳар бир шахматчига 15 дақиқа ва ҳар юриш учун 10 сония қўшимча вақт бериладиган тўртта партия ўтказилади.
Мукофот жамғармаси қанча?
Чемпионлик баҳсининг умумий мукофот жамғармаси 2,5 миллион долларни ташкил этади.
Асосий тартибга кўра, ҳар бир ғалаба учун 200 минг доллар ажратилади, қолган пул эса икки шахматчи ўртасида тенг тақсимланади.
Агар чемпион тай-брейкда аниқланса ёки регламентда белгиланган айрим натижалар қайд этилса, ғолиб 1,3 миллион, мағлуб эса 1,2 миллион доллар олади.
Биринчи партия қачон?
Синдаров ва Гукеш ўртасидаги илк партия 24 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади.
Классик партиялар 11 декабргача давом этиши мумкин. Зарур бўлса, 12 декабрь куни тай-брейк ўтказилади.
Жавоҳир Синдаров Ўзбекистон тарихида шахмат бўйича мутлақ жаҳон чемпиони унвони учун баҳслашиш ҳуқуқини қўлга киритган биринчи шахматчи ҳисобланади.
Жавохир Синдаров сыграет против Гукеша в Женеве за шахматную корону - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.09.2026
Синдаров жаҳон чемпионлиги учун баҳсда 1,3 млн доллардан зиёд ишлаб олиши мумкин
Янгиликлар лентаси
0