"Бизнинг авлод — 2026": 18 мамлакат ёш хонандалари Тошкентда беллашди — видео

Oбуна бўлиш
"Бизнинг авлод" финалида 18 мамлакатнинг ёш хонандалари беллашди. Тошкентдаги кечада Юлианна Караулова ҳам қўшиқ куйлади.
ТОШКЕНТ, 22 ноя — Sputnik. Тошкент 20 ноябрь куни халқаро болалар мусиқа ижодиёти марказига айланди. Пойтахтда "Бизнинг авлод — 2026" муаллифлик қўшиқлари танловининг финал босқичи бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Танлов ўз тарихида илк бор Россиядан ташқарида — Ўзбекистонда ўтказилди. Renessans Hall саҳнасида 18 мамлакатдан келган 9 ёшдан 16 ёшгача бўлган ёш ижрочилар ўз истеъдод ва маҳоратини намойиш этди.
Бу йилги танловнинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг чиқишларини биринчи марта бевосита залда томоша қилиб баҳолади. Ҳакамлар таркибидан турли мамлакатлардан келган продюсерлар, хонандалар ва телебошловчилар жой олди.
Ҳар бир иштирокчининг чиқиши 1 баллдан 25 баллгача баҳоланди. Бунда адолатли рақобатни таъминлаш мақсадида муҳим қоидага амал қилинди: ҳакамлар ўз мамлакати вакилига овоз бера олмади.
Ҳакамлар баҳоси бўйича арманистонлик Лео энг яхши ижрочи деб топилди. У "Ойи" қўшиғи билан томошабинлар ва ҳакамларнинг эътиборини қозонди.
Лео бундай йирик халқаро танловда иштирок этиш ва ғалаба қозониш унга унутилмас ҳиссиётларни ҳадя этганини айтди.
"Бу гўё бутунлай бошқа бир олам. Бу қанчалик катта бахт эканини тушуниш учун уни ўзингиз ҳис қилиб кўришингиз керак", — деди у.
Бироқ кечанинг яна бир ғолиби бор эди. Ҳакамлар берган балларга томошабинлар овози ҳам қўшилгач, умумий ҳисобда беларуслик Марго Зингман биринчи ўринни эгаллади. У танловда "Кафтларимда нурни тутаман" қўшиғини ижро этди.
Ғолиб сифатида ўз исмини эшитган Марго қувончини яшира олмади. У бу лаҳзани узоқ вақт орзу қилганини Sputnik Ўзбекистон мухбирига сўзлаб берди.

"Назаримда, буларнинг барчаси тушга ўхшайди. Бу менинг орзуим эди. Ғолиб бўлганимни ҳар куни тушимда кўрардим", — деди ёш хонанда.

Танлов ҳакамларидан бири, россиялик машҳур хонанда Юлианна Караулова ҳар бир иштирокчига алоҳида эътибор қаратишга, болаларнинг барчасини яхши сўзлар билан қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилганини таъкидлади.
Мусиқий кеча якунида Караулова саҳнага чиқиб, ўзининг "Ты не такой" ("Сен ундай эмассан") ва "Внеорбитные" ("Орбитадан ташқаридагилар") номли машҳур қўшиқларини ижро этди.
Ташкилотчилар учун танловнинг яна бир муҳим жиҳати турли мамлакатлардан келган ёш ижрочилар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муҳити бўлди. Болалар бир-бирининг ижоди билан танишиш, тажриба алмашиш ва янги дўстлар орттириш имкониятига эга бўлди.
Иштирокчилар учун эса "Бизнинг авлод — 2026" нафақат мусиқий беллашув, балки халқаро саҳнада ўзини намоён этиш, янги таассуротлар орттириш ва орзулари сари яна бир қадам ташлаш имкониятига айланди.
Тошкентдаги мусиқий кеча қандай ўтгани, ёш ижрочилар томошабинларни нималар билан ҳайратда қолдиргани ва ғолиблар ўз қувончини қандай ифода этганини видеомизда томоша қилинг.
Международный конкурс детской песни Наше поколение. Архивное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.09.2026
"Болалар Евровидениеси"га муқобил танлов илк бор Тошкентда ўтказилади
Янгиликлар лентаси
0