Путин Украина бўйича муросалар, сайловлар ва Қрим кўпригига жавоб ҳақида гапирди
18:56 19.11.2026 (янгиланди: 18:58 19.11.2026)

© Sputnik / POOL
/ Oбуна бўлиш
Владимир Путин АҚШ таклиф этган муросалар, Украинада сайловлар, хавфсизлик кафолатлари ва Қрим кўпригига жавоб ҳақида гапирди..
ТОШКЕНТ, 19 ноя — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Шэньчжэнда АТЭС саммити якунлари бўйича матбуот анжуманида Украина можаросини ҳал қилиш шартлари, Киевнинг позицияси ва Қрим кўпригига берилган зарбаларга жавоб ҳақида гапирди, деб хабар бермоқда РИА Новости.
Путин Россия Украина можаросини ҳал қилиш бўйича АҚШ томонидан таклиф этилган муросали ечимларга, жумладан, Анкориждаги музокараларда ҳам ўзгаришсиз рози бўлганини билдирди.
Унинг фикрича, Киев ва Европа ҳозирча бу муросаларни қабул қилишга тайёр эмас. Россия раҳбари можарони тинч йўл билан ҳал қилиш учун барча томонлар мавжуд воқеликдан келиб чиқиши зарурлигини таъкидлади.
Путин Украина бўйича қуйидаги масалаларга ҳам тўхталди:
Жанговар ҳаракатларни тўхтатиш. Киев ҳукумати урушни тўхтатишни истамаётгандек таассурот уйғонмоқда, чунки бундай ҳолатда дарҳол сайловлар ўтказишга тўғри келади.
Тинчлик музокаралари. Россия қуролли можарони давом эттириш ниятида эмас ва Киевдаги ҳокимият вакиллари билан ҳам мулоқотга тайёр. Бироқ можаронинг якунланиши кўп жиҳатдан Украина томонига боғлиқ.
Хавфсизлик кафолатлари. Россия Украинанинг ҳам хавфсизлик ҳуқуқига эга эканини тан олади. Аммо Москва учун ўз хавфсизлиги масаласи ҳам муҳим ва уни эътиборсиз қолдириб бўлмайди.
Донецк вилояти. Путин Украина қўшинлари Донецк ҳудудининг қолган 10 фоизини маълум вақт ушлаб туриши мумкинлигини, аммо кейинчалик бу ҳудудни бой берса, бундай ҳаракатларнинг маъноси бор-йўқлиги савол остида қолишини айтди.
Россия раҳбари Украинадаги можаронинг келиб чиқишига ҳам тўхталди. Унинг сўзларига кўра, 2014 йилдаги ҳокимият алмашинувидан сўнг Киев Украинанинг жануби-шарқида ҳарбий операция бошлаган. Россия эса саккиз йил давомида ушбу инқирозни тинч йўл билан тартибга солишга уринган.
Путин Қрим кўпригига берилган зарбаларга ҳам муносабат билдирди. У Россия жавоб чоралари кўришини ва улар Украина томонининг ҳаракатларидан анча оғриқлироқ бўлишини таъкидлади.
Шунингдек, Россия президенти Хавфсизлик кенгаши аъзолари билан келишувга эришиш имкониятини муҳокама қилганини, аммо Қрим кўпригига зарбалардан сўнг бу режадан воз кечилганини маълум қилди.
Путин Россиянинг асосий мақсади вақтинчалик сулҳ эмас, балки узоқ муддатли тинчликка эришиш эканини таъкидлади.
Музокаралар учун имконият сақланиб қолаётганини билдирган Россия раҳбари Украина ҳукумати ва унинг ҳомийлари мавжуд воқеликни англаб етса, муросага келиш мумкинлигини қайд этди.
19 ноябрь куни Путин Шэньчжэнда АҚШ президенти Дональд Трамп ва Хитой раҳбари Си Цзинпин билан уч томонлама музокараларда иштирок этди. Украина можароси Путиннинг Трамп билан алоҳида учрашувида ҳам муҳокама қилинди.

