Янги Тошкентдан атом саноатигача: Мирзиёев турк бизнесига нималар таклиф қилди
15:57 19.11.2026 (янгиланди: 15:59 19.11.2026)

© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Мирзиёев турк компанияларини Янги Тошкент қурилиши, атом саноати, фармацевтика ва хусусийлаштириш лойиҳаларига таклиф этди.
ТОШКЕНТ, 19 ноя — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашнинг биринчи йиғилишида туркиялик инвесторларга қатор йирик лойиҳаларда иштирок этишни таклиф қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз бошчилигидаги делегация қатнашган йиғилишда саноат, энергетика, қурилиш, транспорт, фармацевтика ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш режалари тақдим этилди.
Турк инвесторларига қандай лойиҳалар таклиф қилинди?
Янги Тошкент. Туркия компаниялари янги шаҳарда турар жой ва тижорат мажмуалари, меҳмонхоналар, таълим ва тиббиёт муассасаларини қуришга таклиф қилинди.
Атом саноати. Жиззах вилоятида ташкил этилаётган махсус саноат зонасида 15 та йўналишда маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Улар Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида қуриладиган АЭСлари учун ҳам мўлжалланган. Турк компанияларига ушбу йўналишда ҳамкорлик таклиф этилди.
Фармацевтика. Президент турк фармацевтика компаниялари учун алоҳида саноат зонаси ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Тошкент фармацевтика паркида инвесторларга имтиёзлар, тайёр инфратузилма ва ишлаб чиқариш майдонлари таклиф қилинмоқда.
Транспорт ва инфратузилма. Пулли автомобиль йўллари, аэропортлар ва логистика марказларини ривожлантириш устувор йўналишлар сифатида кўрсатилди. Турк компаниялари билан Бухорода янги халқаро аэропорт қуриш бўйича ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Электротехника. Мисни чуқур қайта ишлаш, электроника, трансформаторлар, маиший техника ва электр ускуналари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш таклиф қилинди.
Қишлоқ хўжалиги. Турк инвесторлари билан замонавий иссиқхоналар, совиткич омборлари қуриш, қишлоқ хўжалиги техникаси ва ўғитлар ишлаб чиқариш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш режалаштирилмоқда.
Хусусийлаштириш ва инвестициялар
Мирзиёевнинг маълум қилишича, 2026–2027 йилларда Ўзбекистонда умумий қиймати 8,4 млрд долларлик давлат активлари, кўчмас мулк объектлари ва ер майдонлари савдога чиқарилиши режалаштирилган.
Турк инвесторлари ушбу жараёнларда фаол иштирок этишга чақирилди. Жумладан, Самарқанд автомобиль заводини хусусийлаштириш ва Самарқанд вилояти электр тармоқларини модернизация қилиш бўйича ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Шунингдек, турк компанияларига IT-аутсорсинг, дастурий таъминот, сунъий интеллект ва молиявий хизматлар соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклиф қилинди.
2030 йилгача қандай мақсадлар белгиланган?
Президент Ўзбекистондаги йирик иқтисодий режаларни ҳам маълум қилди. Жумладан:
ялпи ички маҳсулотни 300 млрд долларга етказиш;
саноат ишлаб чиқаришини икки баробар ошириш ва 2 млн юқори даромадли иш ўрни яратиш;
қайта тикланувчи энергия қувватларини 25 гигаваттга етказиш;
электротехника маҳсулотлари экспортини 5 млрд долларга етказиш ва соҳага 11,6 млрд доллар инвестиция жалб қилиш;
IT хизматлари экспортини 5 млрд долларга етказиш.
Мирзиёев йирик инвесторларга тайёр ишлаб чиқариш бинолари, ер майдонлари ва муҳандислик инфратузилмаси таклиф этилаётганини таъкидлади.
Махсус иқтисодий зоналарда инвестиция ҳажми ва шартларига қараб, 3 йилдан 10 йилгача солиқ ва божхона имтиёзлари берилади.
Тошкент вилоятидаги 100 гектарлик “Остим” саноат зонасини кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда. Президент ушбу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам жорий этишга тайёрлигини билдирди.
