Ўзбекистонда илк АЭС реактори 2029 йилдаёқ ишга туширилиши мумкин

© Комитет по промышленной, радиационной и ядерной безопасностиУзбекистан и Россия обсудили лицензирование и контроль АЭС
Узбекистан и Россия обсудили лицензирование и контроль АЭС - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 18.11.2026
Oбуна бўлиш
"Ўзатом" раҳбари АЭСнинг биринчи реакторини техник ишга тушириш муддатлари ва қурилишдаги навбатдаги босқич ҳақида маълум қилди.
ТОШКЕНТ, 18 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда Россиянинг "Росатом" корпорацияси томонидан қурилаётган Жиззах АЭСнинг биринчи реактори 2029 йилдаёқ техник ишга туширилиши мумкин. Бу ҳақда "Ўзатом" агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев "Известия" нашрига маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, биринчи кичик қувватли энергоблок пойдеворини қуриш ишларини 2026 йил охиригача якунлаш ва бевосита блок биноси қурилишини бошлаш режалаштирилган.
"Техник ишга тушириш 2029 йил охири — 2030 йил бошида амалга оширилишини кутмоқдамиз", — деди Ахмедхаджаев.
Жиззах АЭС жаҳон атом энергетикасида ноёб лойиҳа ҳисобланади. "Росатом" дунёда биринчи марта битта майдонда иккита катта қувватли ВВЭР-1000 ва иккита кичик қувватли РИТМ-200Н реакторларини қурмоқда.
Катта реакторлар барқарор электр энергияси ишлаб чиқаришни таъминлайди, кичик блоклар эса қуёш ва шамол электр станцияларида ишлаб чиқариш камайганда тармоқдаги юкламани мувозанатлашга ёрдам беради.
Ҳозир қурилиш майдонида мингдан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Яқин ойларда ишчилар сони камида икки баробарга оширилади. Қурилиш энг юқори босқичга чиққан 2030–2031 йилларда эса объектда 13–13,5 минг нафар мутахассис ишлаши режалаштирилган.
Ўзбекистон атом энергетикаси соҳасида минтақавий марказга айланмоқчи
Ахмедхаджаевнинг таъкидлашича, мамлакат келгусида қўшни давлатлар учун ҳам атом энергетикаси мутахассисларини тайёрлашни режалаштирмоқда.
Бунинг учун 2019 йилда Тошкентда Россиянинг ММФИ миллий тадқиқот ядро университети филиали очилган. Ўтган даврда мазкур олийгоҳда 215 нафар юқори малакали мутахассис тайёрланган.
"Шундай қилиб, бутун Марказий Осиёда фойдаланиш мумкин бўлган яхши салоҳиятга эга бўлдик", — деди "Ўзатом" раҳбари.
Ўзбекистонда АЭС қуриш

Фориш туманида барпо этилаётган АЭС лойиҳаси иккита катта ва иккита кичик қувватли реакторни ўз ичига олади.

Иккита ВВЭР-1000 реакторининг ҳар бири 1000 МВт;

Иккита РИТМ-200Н реакторининг ҳар бири 55 МВт қувватга эга бўлади.

Умумий қуввати 2110 МВтни, лойиҳа қиймати эса 9,5 млрд долларни ташкил этади.

2026 йил 4 июнда Ўзбекистон ва Россия президентлари биринчи энергоблок қурилишига расман старт берган эди.

Режага кўра, биринчи кичик қувватли реактор 2029 йилда, биринчи катта қувватли энергоблок эса 2033 йилда ишга туширилиши кўзда тутилган. Қурилишни тўлиқ 2035 йилгача якунлаш мўлжалланган

КенгайтиришЙиғиштириш
Форум будущих технологий Вычисления и связь. Квантовый мир в Москве - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.10.2026
Ўзбекистон АЭСи учун ходимлар танлаш 2027 йилда бошланади — Лихачёв
Янгиликлар лентаси
0