Энди ходимлар маош оладиган банк картасини ўзи танлаши мумкин

© Sputnik / Бахром ХатамовДевушка с кредитными картами в руке
Девушка с кредитными картами в руке  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 18.11.2026
Oбуна бўлиш
Янги тизим орқали иш ҳақи ва бошқа тўловларни иш берувчи қайси банк билан ишлашидан қатъи назар, ўзига қулай картага олиш мумкин.
ТОШКЕНТ, 18 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда ходимлар иш ҳақи, мукофот пули ва бошқа тўловларни ўзи танлаган банк картаси ёки электрон ҳамёнига олиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Янги имконият "Маблағларни тақсимлаш маркази" тизими орқали яратилмоқда. Эндиликда ходим иш берувчи қайси банк билан ҳамкорлик қилишидан қатъи назар, маошини ўзига қулай банк картасига олиши мумкин.
Аввал иш ҳақини олиш учун кўпинча иш берувчи ҳамкорлик қиладиган банкда алоҳида карта очиш талаб этиларди. Янги тизим эса бундай заруратни бартараф этади.
Маошни ўзи танлаган картага олиш учун нима қилиш керак?
Ходим ўзига қулай банк картаси ёки электрон ҳамённи танлайди.
Унинг реквизитларини иш берувчининг бухгалтериясига тақдим этади.
Иш берувчининг банки тўлов маълумотларини "Маблағларни тақсимлаш маркази"га юборади.
Тизим маълумотларни текшириб, маблағларни ходим танлаган банкка йўналтиради.
Бунда ходим янги тизимда алоҳида рўйхатдан ўтиши шарт эмас. Кейинчалик банкни ёки карта реквизитларини ўзгартириш ҳам мумкин.

Муҳим жиҳати: тизимнинг биринчи версияси ҳозирча фақат хусусий сектор ташкилотлари ва уларнинг ходимлари учун мўлжалланган. Шунингдек, банк картаси ёки электрон ҳамён ходимнинг ўз номига расмийлаштирилган бўлиши керак.

Янги механизм иш берувчиларга ҳам қулайлик яратади. Ташкилот ходимлари турли банклардан фойдаланган тақдирда ҳам барча тўловларни ягона реестр орқали амалга ошириши мумкин.
Тизим 2025 йил 27 ноябрдаги президент қарори асосида жорий этилмоқда. Унинг мақсади фуқароларга банкни эркин танлаш имконини бериш, банклар ўртасида рақобатни кучайтириш ва оммавий тўловларни соддалаштиришдан иборат.
Девушка с кредитной картой в руке перед ноутбуком - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 10.08.2026
Банк карталари, йирик операциялар ва валюта айирбошлашда ўзгаришлар бўлди
Янгиликлар лентаси
0