“Ўз уйимизга хўжайин бўлишимиз керак”: мигрантлар Европадан Африкага юборилиши мумкин

© Правительство АвстрииПять европейских стран планируют открыть центр для отправки мигрантов в Руанду
Пять европейских стран планируют открыть центр для отправки мигрантов в Руанду - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 17.11.2026
Oбуна бўлиш
Руандага Европада қолиш ҳуқуқи бўлмаган мигрантларни юбориш режалаштирилмоқда. Дастлабки кўчиришлар 2027 йилда бошланиши мумкин.
ТОШКЕНТ, 17 ноя — Sputnik. Австрия, Дания, Германия, Греция ва Нидерландия Руандада Европада қолиш ҳуқуқи бўлмаган мигрантларни жойлаштириш учун марказ ташкил этиш бўйича музокараларни бошламоқда. Бу ҳақда Австрия ҳукумати маълум қилди.
Австрия канцлери Кристиан Штокер ташаббусни изоҳлар экан, яшаш ҳуқуқи бўлмаган шахсларни мамлакатдан чиқариб бўлмаса, бошпана тизими ўз маъносини йўқотишини айтди.
“Агар ўз ватанига қайтаришнинг имкони бўлмаса, яшаш ҳуқуқига эга бўлмаган одамлар келгусида Руанда каби учинчи давлатга юборилади. Чунки ўз уйимизга ўзимиз хўжайин бўлишимиз керак”, — деди у.
Дания бош вазири Метте Фредериксен ҳам режани миграция сиёсатидаги бурилиш сифатида тақдим этди.
“Биз назоратни қайтариб оламиз ва ноқонуний миграцияга рағбатни йўқотамиз”, — деди у Венадаги матбуот анжуманида.
Бироқ ҳозирча гап мигрантларни юбориш бошлангани ҳақида эмас, марказни ташкил этиш шартларини келишиш ҳақида бормоқда. Беш давлат ва Руанда дастлабки кўчиришларни 2027 йилда бошлашни мақсад қилган.
Европадан чиқарилади, Руандада яшаш имкони берилади
Режа Европа давлатларида қонуний қолиш асоси бўлмаган, халқаро ҳимояга муҳтож деб топилмаган ва чиқариб юбориш тўғрисида ижро этилиши лозим бўлган қарор чиқарилган мигрантларга тааллуқли.
Германия ички ишлар вазири Александр Добриндт бундай марказларни ватани қайтариб олиш жараёнида ҳамкорлик қилмаётган, Европада эса қолиш ҳуқуқи ва истиқболи бўлмаган шахслар учун ечим деб атади.
Нидерландия ҳукуматига кўра, биринчи босқичда фақат ёлғиз эркакларни юбориш режалаштирилган. Улар очиқ турдаги вақтинчалик марказга жойлаштирилади.
Руандада яшаш, ишлаш, таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти берилиши кўзда тутилган.
Шу тариқа, Европада қолишига рухсат берилмаган одамларга Руандада ҳаёт бошлаш таклиф этилади. Улар ўз ватанига ихтиёрий қайтиши ҳам мумкин. Жойлаштириш харажатларини беш Европа давлати қоплайди.
“Назоратни қайтариш”ми ёки ҳуқуқларга хавф?
Ташаббускорлар марказ инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ талабларига мувофиқ ишлашини ваъда қилмоқда. Аммо танқидчилар мигрантларни Европа ҳудудидан ташқарига юбориш уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни қийинлаштиришидан хавотирда.
Европарламент депутати Мелисса Камара Руанда билан эълон қилинган ташаббусни “шармандалик” деб атади.
Европа парламенти тадқиқот хизмати шарҳида эса ЕИдан ташқарида инсон ҳуқуқларига риоя этилишини самарали назорат қилиш имкониятлари шубҳа остида эканлиги қайд этилган.
Аввалроқ бундай марказлар учун эҳтимолий манзиллар қаторида Руанда ва Уганда билан бирга Ўзбекистон ҳам тилга олинган эди. Бу Европа парламенти тадқиқот хизмати ҳужжатида келтирилган.
Флаг Евросоюза . - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 24.06.2026
Politico: ЕИ Ўзбекистонда мигрантлар учун марказ очишни муҳокама қилмоқда
Янгиликлар лентаси
0