Мирзиёева: ҳар бир сўм ўз ўрнида ишлатилиб, аҳоли ўзгаришларни ҳаётида ҳис қилсин

© Пресс-служба президента УзбекистанаСаида Мирзиёева
Саида Мирзиёева - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.11.2026
Oбуна бўлиш
Президент администрацияси раҳбарининг сўзларига кўра, иқтисодиёт қанча кучайса, одамлар фаровонлиги учун ҳам шунча кўп имконият пайдо бўлади.
ТОШКЕНТ, 14 ноя — Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати келгуси йилги бюджет харажатларининг очиқлиги ва шаффофлигига алоҳида эътибор қаратади. Бу ҳақда Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган йиғилиш натижаларига кўра маълум қилди.
Йиғилишда 2027 йилги давлат бюджети параметрлари ва мамлакат иқтисодий ўсишини таъминлашнинг янги ёндашувлари муҳокама қилинди.
“Бунда асосий эътиборимиз рақамли назорат ва очиқликни кучайтиришга қаратилади. Токи ҳар бир сўм ўз ўрнида ишлатилиб, одамлар бу ўзгаришлар натижасини ўз оиласида, кундалик ҳаётида ҳис қилсин”, - дея ёзди Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида.
Президент администрацияси раҳбарининг таъкидлашича, асосий солиқлар оширилмайди. Тадбиркорларга кенг йўл очиб, замонавий саноат ривожлантирилади ва янги иш ўринлари яратилади.
“Чунки иқтисодиёт қанча кучайса, одамлар фаровонлиги учун ҳам шунча кўп имконият пайдо бўлади: келгуси йилда ҳам бюджетнинг энг катта қисми фарзандларимиз таълими, тиббиёт ва маҳаллалар ободлигига ажратилади”, - дея қўшимча қилди у.
Давлат бюджети лойиҳасида 416 трлн сўм даромад ва 464 трлн харажатлар назарда тутилган. 176 трлн сўмга яқин маблағ таълим ва соғлиқни сақлашга йўналтирилиши режалаштирилган. Лойиҳа ялпи ички маҳсулотнинг 7 фоизга ўсиши, инфляциянинг 6 фоизга пасайиши прогнози асосида ҳисобланмоқда.
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.11.2026
Бюджет лойиҳаси: иқтисодиёт 7 фоизга ўсади, инфляция 6 фоизгача пасайиши кутиляпти
Янгиликлар лентаси
0