Бюджет лойиҳаси: иқтисодиёт 7 фоизга ўсади, инфляция 6 фоизгача пасайиши кутиляпти

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.11.2026
Oбуна бўлиш
Ўзбекистоннинг 2027 йилги давлат бюджети лойиҳасида даромадлар 416 трлн сўм, харажатлар 464 трлн сўм бўлиши мўлжалланган.
ТОШКЕНТ, 14 ноя — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 2027 йил учун Давлат бюджетининг мақсадли кўрсаткичлари, асосий макроиқтисодий прогнозлар ҳамда бюджет-солиқ сиёсатининг устувор йўналишлари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Маълум қилинишича, жорий йил якунида мамлакат иқтисодиёти камида 8 фоизга ўсиши, ялпи ички маҳсулот ҳажми 200 миллиард доллардан, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад эса 5,2 минг доллардан ошиши кутилмоқда.
2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга, келгуси ўн йилда аҳоли жон бошига даромадни 10 минг долларга етказиш мақсад қилинган.
Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни молиялаштириш учун жами 176 триллион сўмга яқин маблағ йўналтириш режалаштирилмоқда. Таълимга 114,3 триллион сўм (ўтган йилдан 14 триллион сўм кўп), тиббиётга 61,4 триллион сўм (ўтган йилдан 12 триллион сўм кўп) ажратилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, ҳудудлар ва маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда ижтимоий ҳимояни кучайтириш учун 70 триллион сўм ажратилиши белгиланмоқда.
Ижтимоий мажбуриятларни барқарор молиялаштириш учун иқтисодиётнинг йиллик ўсиш суръатларини камида 7 фоиз даражасида таъминлаш, мавжуд захиралар ва янги технологик омилларни ишга солиш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда 2027 йилга мўлжалланган асосий макроиқтисодий прогнозлар кўриб чиқилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, ялпи ички маҳсулот ҳажми 2027 йилда 232 миллиард долларга етиши прогноз қилинмоқда.
Шу билан бирга, инфляция даражасини 2027 йилда 6 фоизга, 2028–2029 йилларда эса 5 фоизгача пасайтириш, олтинсиз экспорт ҳажмини 2027 йилда қарийб 40 миллиард долларга етказиш назарда тутилмоқда.
Тақдимотда 2027 йил учун Давлат бюджети даромадларини 416 триллион сўм, харажатларини эса 464 триллион сўм миқдорида белгилаш назарда тутилаётгани маълум қилинди.
Бюджет лойиҳаси иқтисодий ўсишнинг 7 фоизлик прогнози асосида шакллантирилмоқда.
Жаҳондаги геосиёсий ва иқтисодий ноаниқликлар шароитида макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, келгуси йилда инфляцияни 6 фоиздан оширмаслик, умумий фискал тақчилликни ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз доирасида сақлаш муҳим вазифа этиб белгиланди.
2027 йилда ҳам асосий солиқ ставкаларини ўзгаришсиз сақлаш кўзда тутилмоқда.
Бундай шароитда бюджет даромадларини кўпайтиришнинг асосий манбаи иқтисодий фаолликни рағбатлантириш, солиқ базасини кенгайтириш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ҳамда солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш бўлиши таъкидланди.
Шу муносабат билан рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш орқали солиқ ва божхона тушумларини қўшимча ошириш, тадбиркорлар учун қулай ва шаффоф муҳит яратиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Мутасаддиларга 2027 йилда 65 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш бўйича тармоқлар ҳамда ҳудудлар кесимида аниқ режалар ишлаб чиқиш топширилди.
Қонунчиликка мувофиқ, бу лойиҳа ва унинг ижросини таъминлаш чора-тадбирлари маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилинади ҳамда якунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.
Динамика объема ВВП Узбекистана за 5 лет - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 02.11.2026
Ўзбекистон ЯИМ беш йилда қандай ўзгарди — инфографика
Янгиликлар лентаси
0