“Бу менинг хатойим ҳам”: Каннаваро Россияга қарши ўйиндаги мағлубият сабабларини санади
09:39 13.11.2026 (янгиланди: 09:44 13.11.2026)

© Sputnik
Oбуна бўлиш
Иккита тўп фарқи билан мағлуб бўлаётган Россия жамоаси 10 дақиқада 3 та гол киритиб, Каннаваро шогирдларини мағлубиятга учратди.
ТОШКЕНТ, 13 ноя – Sputnik. Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси Тошкентдаги ўртоқлик баҳсида Россияга 2:3 ҳисобида ютқазди. Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Россияга қарши ўртоқлик баҳсидан сўнг матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
“Моторни ўчириб қўйдик”
Ўзбекистон жамоаси 70-дақиқага қадар 2:0 ҳисобида олдинда бораётган эди, бироқ тўққиз дақиқа ичида учта гол ўтказиб юборди.
“Бу ерда муаммо юқори прессингда эмас, балки ўз жарима майдончамиз ичида йўл қўяётган хатоларимизда. Бугунги учрашувдаги асосий муаммо бошқа нарсада эди, деб ўйлайман. Биз яхши ўйин ўтказдик, бироқ ҳисоб 2:0 бўлиб турган паллада "моторни ўчириб қўйдик". Ўйин тақдирини ҳал қилдик ва ғалаба қозондик, деб ўйладик. Бу биз учун жуда катта дарс бўлди. Ҳакамнинг финал ҳуштаги чалинмагунча футбол тугамаслигини тушуниб етишимиз керак. 90, 95, ҳатто 98-дақиқагача ўйин ичида бўлиш шарт”, - деди бош мураббий.
Ҳусановнинг йўқлиги мағлубиятда ҳал қилувчи омил бўлмади
“Албатта, Ҳусанов ажойиб футболчи, топ-ўйинчи, лекин у майдонда бўлган ўйинларда ҳам мағлубиятга учраганмиз. Мен бугун таркибда майдонга тушган йигитлар ўз вазифаларини яхши уддалашди, деб ҳисоблайман. Улар ҳали ёш, келажаги порлоқ ва янада ўсишга қодир футболчилар. Ҳозир мени натижадан кўра кўпроқ уларнинг шу каби баҳслар орқали тажриба тўплаши қизиқтиради. Ҳусанов борми ёки йўқми — мен фақат олдинга қарайман ва ихтиёримдаги, майдондаги футболчиларга ишонаман. Бугун яна икки нафар ёш футболчимиз дебют қилди ва ўзларини жуда яхши кўрсатишди”, - деб ҳисоблайди Каннаваро.
“Футболда бир сонияга ҳам тўхтаб қолиш мумкин эмас”
“Очиғи, мен 2:0 ҳисобини ёмон кўраман — бу футболдаги энг алдамчи ва хавфли ҳисоб, айниқса биринчи бўлимдан кейин шундай натижа қайд этилса. Чунки бундай пайтда жамоанинг концентрацияси пасаяди ва иккинчи тайм жуда оғир кечади. Оқибатда тажрибасизлик туфайли ўн дақиқа ичида учта тўп ўтказиб юбордик. Аммо яна бир бор қайтараман: мен бу йигитларга жуда ишонаман, уларнинг машғулотларда қандай меҳнат қилаётганини, кучли терма жамоаларга қарши қандай курашаётгани ва югураётганини кўриб турибман. Мен футболчиларим билан фахрланаман”, - деди мутахассис.
“Бу менинг хатойим”
Бош мураббий учрашувнинг 60-дақиқасида амалга оширилган ўзгаришлар ҳақида фикр билдирди.
“Шубҳасиз, 2:0 ҳисобида олдинда бораётиб ўзгаришлар қилсангиз ва якунда 2:3 ҳисобида ютқазсангиз — бу менинг хатойим, мураббийнинг хатоси бўлади. Назорат учрашувида бизда 10 нафар футболчини алмаштириш имконияти бор эди ва барчага ўйин амалиёти беришга ҳаракат қилдик. Лекин бу ерда айб Диёрда ёки захирадан майдонга тушган бошқа бир футболчида эмас — ютқазса, бутун жамоа ютқазади. Мен майдонга тушган йигитлар учун жуда афсусдаман, чунки улар кучли рақибга қарши бор кучларини бериб курашишди ва тинимсиз югуришди. Натижа адолатсиз бўлди, аммо футболда 90 дақиқа давомида юз фоизлик диққатни жамлашни сақлаб қолмасангиз, ғалаба қозониб бўлмайди”, - дея хулоса қилди Фабио Каннаваро.
Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида Ўзбекистон ва Россия миллий жамоалари ўртасида ўртоқлик ўйини бўлиб ўтди. Учрашувда Фабио Каннаваро шогирдлари 2:0 ҳисобида ғалаба қозона туриб, якунда 2:3 ҳисобида мағлубиятга учради.
Учрашувнинг 5-дақиқасида бурчакдан ошириб берилган тўпни Россия футболчиси Виктор Мелёхин кутилмаганда ўз дарвозасига тўғрилаб юбориб, ҳисобни очди. Иккинчи бўлим бошида Беҳруз Каримовнинг зарбаси голга айланди ва ҳисоб 2:0 кўринишига келди. Каримов учун ушбу гол миллий жамоа сафидаги дебют гол бўлди.
Аммо шундан сўнг Россия жамоаси ўйинни кучайтиришга муваффақ бўлди. 70-дақиқадан бошлаб Валерий Карпин шогирдлари босим уюштириб, 10 дақиқа ичида Ўзбекистон жамоаси дарвозасига 3 та гол киритишди ва якунда ғалаба қозонишди.

1/10
© Пресс-служба Ассоциации футбола Узбекистана

2/10
© Пресс-служба Ассоциации футбола Узбекистана

3/10
© Пресс-служба Ассоциации футбола Узбекистана

4/10
© Пресс-служба Ассоциации футбола Узбекистана

5/10
© Пресс-служба Ассоциации футбола Узбекистана

6/10
© Пресс-служба Ассоциации футбола Узбекистана

7/10
© Пресс-служба Ассоциации футбола Узбекистана

8/10
© Пресс-служба Ассоциации футбола Узбекистана

9/10
© Пресс-служба Ассоциации футбола Узбекистана

10/10