КХШТ саммити: Путиннинг ҳаво мудофааси режаси, 19 та ҳужжат ва Арманистон масаласи

© POOL / Медиабанкка ўтишЗаседание Совета коллективной безопасности Организации Договора о коллективной безопасности в Москве
Заседание Совета коллективной безопасности Организации Договора о коллективной безопасности в Москве - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 12.11.2026
Oбуна бўлиш
Москвадаги КХШТ саммитида ҳаво мудофааси ва авиацияга оид қарорлар қабул қилинди, Арманистоннинг овоз бериш ҳуқуқи чекланди.
ТОШКЕНТ, 12 ноя — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Москвада бўлиб ўтган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) Коллектив хавфсизлик кенгаши йиғилишида ташкилотнинг қўшма кучларини ривожлантириш ва янги мобил ҳаво мудофааси бўлинмаларини шакллантириш ҳақида маълум қилди.
Путиннинг таъкидлашича, 2026 йилда Россиянинг КХШТга раислиги даврида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича 100 тадан ортиқ тадбир ўтказилган. Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон ва Россияда йирик қўшма ҳарбий машғулотлар ташкил этилган.
Жумладан, Челябинск вилоятида КХШТ Тезкор ҳаракатланувчи коллектив кучларининг "Ҳамкорлик-2026" машғулотлари "Марказ" стратегик қўмондонлик-штаб машғулотлари билан биргаликда ўтказилган.
Россия раҳбари қўшма кучларни замонавий қурол-яроғ ва техника билан жиҳозлаш ишлари давом этаётганини айтди.
Саммитда коллектив авиация кучларини ривожлантириш ҳамда қўшма операцияларда қўшинларни ҳимоя қилиш учун мобил ҳаво мудофааси бўлинмаларини шакллантиришга оид қарорлар қабул қилинди.
Путин, шунингдек, КХШТ ташқи чегаралари хавфсизлигини таъминлашда Афғонистондаги вазият доимий эътибор марказида бўлганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, аъзо давлатларнинг куч тузилмалари ўртасидаги ҳамкорлик терроризм, экстремизм, наркотрафик ва ноқонуний миграцияга қарши курашда мувофиқлашувни кучайтирган.
Саммитда 19 та ҳужжат қабул қилинди
Йиғилиш якунларига кўра, 19 та ҳужжат, жумладан, КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгашининг якуний декларацияси ва Россия ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2030 йилгача терроризмга қарши стратегия қабул қилинди.
Ҳужжатлар орасида коллектив авиация кучларини ривожлантириш, мобил ҳаво мудофааси бўлинмаларини шакллантириш ва биологик хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка оид қарорлар ҳам бор.
Путин хавфли инфекциялар тарқалишига қарши биргаликда тезкор чора кўриш бўйича алоҳида келишув лойиҳасини тайёрлашни ҳам таклиф қилди.
Арманистон овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлди
Саммитнинг яна бир муҳим қарори Арманистонга тегишли бўлди. Аъзолик бадаллари бўйича қарздорлик сабабли мамлакатга нисбатан КХШТ Низомининг 25-моддаси қўлланилди.
Натижада Арманистон ташкилотда овоз бериш ҳамда ўз вакилларини квота асосидаги лавозимларга кўрсатиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди.
КХШТ бош котиби Таалатбек Масадиковнинг тушунтиришича, қарздорлик тўлиқ қопланганидан сўнг ушбу ҳуқуқлар тикланиши мумкин. Арманистонни ташкилот аъзолигидан чиқариш масаласи эса кўриб чиқилмаган.
Марказий Осиё хавфсизлиги
Саммитда қабул қилинган якуний декларацияда Марказий Осиёнинг ядро қуролидан холи минтақа мақомини сақлаш муҳимлиги таъкидланди.
Ҳужжатда КХШТга аъзо давлатлар чегаралари яқинида бошқа ҳарбий иттифоқларнинг инфратузилмаси кенгайиши билан боғлиқ хавотирлар ҳам билдирилган. Шунингдек, МДҲ ва ШҲТ билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш нияти тасдиқланган.
2027 йил 1 январдан КХШТга раислик Россиядан Тожикистонга ўтади. Келгуси йил ташкилот учун икки сана — Коллектив хавфсизлик шартномаси имзоланганининг 35 йиллиги ва КХШТ ташкил этилганининг 25 йиллиги билан аҳамиятли бўлади.
Заседание Координационного Комитета по вопросам противовоздушной обороны СНГ. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 17.09.2026
МДҲ ҳаво мудофааси тизими дронларга қарши мослаштирилади
Янгиликлар лентаси
0