Қурилаётган уйдан хонадон сотиб олиш тартиби ўзгариши мумкин
15:09 10.11.2026 (янгиланди: 15:37 10.11.2026)

© Sputnik / Бахром Хатамов
Oбуна бўлиш
Улушли қурилиш ҳақидаги қонун лойиҳасида харидорлар пулини ҳимоя қилиш, шартномаларни нотариал тасдиқлаш ва қурилиш кечикишига қарши чоралар белгиланган.
ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда қурилаётган уйлардан хонадон сотиб олувчиларнинг маблағларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
"Кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида"ги қонун лойиҳасида харидорлар маблағларини банклардаги эскроу ҳисобварақларида сақлаш ва шартномаларни мажбурий нотариал тасдиқлаш назарда тутилган.
Харидорлар учун қандай кафолатлар белгиланмоқда?
Маблағлар ҳимояси. Харидорнинг пули тўғридан-тўғри қурувчига берилмайди. У банкдаги махсус эскроу ҳисобварағида сақланади ва уй фойдаланишга топширилгандан кейингина қурувчига ўтказилади.
Шартномаларни ҳимоя қилиш. Улушли қурилиш шартномаси ва унга киритиладиган ўзгартиришлар нотариал тасдиқланиб, давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу битта хонадонни бир неча кишига сотишнинг олдини олишга қаратилган.
Маблағни қайтариш. Қурувчи қонун талабларини бузган ҳолда пул жалб қилса, харидор маблағини қайтаришни ва ундан фойдаланилгани учун фоиз тўланишини талаб қилиши мумкин.
Қурилиш кечикиши. Уйни топшириш муддати бузилганда объектни муаммоли деб топиш учун қўшимча олти ой кутиш талаби бекор қилинмоқда.
Қурувчини алмаштириш. Қурилиш тўхтаб қолмаслиги учун зарур ҳолларда қурувчи ёки ваколатли банкни алмаштириш механизмлари жорий этилади.
Шунингдек, қурувчилар аҳоли маблағларини жалб қилиш учун Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтиши, ваколатли банк билан битим тузиши ва лойиҳа декларациясини эълон қилиши керак бўлади.
Янги талабларни қонун кучга киргандан кейин қурилишга рухсатнома олган объектларга нисбатан қўллаш режалаштирилган.
Аслида, президентнинг 2025 йил 27 январдаги фармони билан эскроу тизими 2025 йил 1 июлдан ихтиёрий, 2026 йил 1 январдан эса мажбурий бўлиши белгиланган эди.
Бироқ жорий йил 5 январда Адлия вазирлиги мажбурий тартиб ҳали кучга кирмаганини тушунтирган. Бунинг учун алоҳида қонун қабул қилиниши зарур.
Нега янги қонун зарур?
Президент матбуот хизмати аввалроқ маълум қилганидек, 2025 йилда улушли уй-жой қурилиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар оқибатида қарийб 3 минг нафар фуқарога 668 миллиард сўмлик зарар етказилган.
Янги қонун лойиҳаси ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш ва харидорлар маблағларини ҳимоя қилишга қаратилган.
