III Российско-Узбекский медиафорум - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 09.11.2026
III Россия-Ўзбекистон медиафоруми
Учинчи Россия–Ўзбекистон медиафоруми 9–10 ноябрь кунлари Тошкентда ўтказилмоқда.

Ўзбекистонда болаларни интернетда ҳимоя қилиш: нималар ўзгариши мумкин?

© SputnikПервый заместитель министра образования и науки Узбекистана Отабек Йулдашев
Первый заместитель министра образования и науки Узбекистана Отабек Йулдашев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 10.11.2026
Oбуна бўлиш
Ойбек Йўлдошев болаларни интернетда ҳимоя қилиш, ота-оналарни ўқитиш ва платформалар масъулиятига оид таклифларни билдирди.
ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда болаларни интернетдаги хавфлардан ҳимоя қилиш учун платформалар масъулиятини ошириш, мактабларда кибербуллинг ҳақида хабар беришнинг ягона тартибини яратиш ва ота-оналарни рақамли саводхонликка ўқитиш таклиф этилди.
Бу ҳақда таълим ва илм-фан вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Йўлдошев III Россия–Ўзбекистон медиафорумида маълум қилди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Унинг таъкидлашича, болаларни интернетда ҳимоя қилиш фақат зарарли сайтларни чеклаш ёки алоҳида хавфсиз платформалар яратиш билан чекланмаслиги керак. Бунинг учун болалар, ота-оналар, ўқитувчилар ва интернет платформаларини қамраб оладиган яхлит тизим зарур.
Қандай ўзгаришлар таклиф этилди?
Йўлдошев болаларнинг рақамли хавфсизлигини таъминлаш учун қуйидаги йўналишларга эътибор қаратиш зарурлигини айтди:
Интернет платформалари масъулиятини ошириш. Болалар фойдаланадиган платформалар уларнинг хавфсизлиги учун асосий масъулиятни ўз зиммасига олиши лозим. Бу вазифани фақат ота-оналарга юклаб қўймаслик керак.
Ёшни текшириш тартибини такомиллаштириш. Платформалар фойдаланувчининг ёшини аниқлаши, бироқ бунинг учун ортиқча шахсий маълумотларни талаб қилмаслиги зарур.
Мактабларда ягона мурожаат тартибини яратиш. Бола интернетда таҳдид, таъқиб ёки зарарли контентга дуч келса, қаерга хабар беришини билиши керак. Мактабдаги масъуллар ва ўқитувчилар бундай мурожаатларни тегишли идораларга, зарур ҳолларда 112 хизматига етказиши назарда тутилмоқда.
Ота-оналарни ўқитиш. Мактабларда ота-оналар йиғилишлари доирасида рақамли хавфсизлик бўйича 15–20 дақиқалик амалий машғулотлар ташкил этиш мумкин.
Ўқитувчилар малакасини ошириш. Педагогларни рақамли хавфсизлик, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва болалар билан ишлашнинг замонавий усулларига ўргатиш лозим.
Рақамли саводхонликни узлуксиз ўқитиш. Болаларга интернетдан хавфсиз фойдаланишни фақат бошланғич синфларда эмас, балки таълимнинг кейинги босқичларида ҳам ўргатиш таклиф қилинди.
Ўзбек тилида сифатли контент яратиш. Зарарли материалларни чеклаш билан бирга, болаларга қизиқарли таълим контентини кўпайтириш, уларни ёлғон ахборот, интернет фирибгарлиги ва дипфейкларни аниқлашга ўргатиш зарур.
Вазир ўринбосари интернетдан фойдаланиш кўлами кенгайиб бораётгани билан бирга, рақамли хавфлар ҳам ортиб бораётганини таъкидлади.
Ўзбекистонда сўнгги беш йилда кибержиноятлар сони 4865 тадан 62 440 тагача кўпайган. 2021–2025 йилларда фуқароларга етказилган моддий зарар 3,73 трлн сўмни ташкил этган. Шундан 1,89 трлн сўми 2025 йилнинг дастлабки 11 ойига тўғри келган.
Йўлдошев Европа ва Марказий Осиёда ҳар олти нафар бола ва ўсмирдан бири интернетда таъқибга дуч келиши ҳақидаги маълумотларни ҳам келтирди.
Унинг фикрича, муаммони фақат тақиқлар орқали ҳал қилиб бўлмайди. Болаларни хавфли ахборотдан ҳимоя қилиш билан бирга, уларда интернетдан онгли ва хавфсиз фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш керак.
Ота-оналар ҳам ўқиши керак
Йўлдошевнинг таъкидлашича, бугун кўп ҳолларда ота-оналарнинг ахборот саводхонлиги фарзандлариникидан пастроқ.
Шу сабабли рақамли хавфсизлик дастурлари фақат болаларга эмас, катталарга ҳам мўлжалланиши зарур.
Жумладан, ота-оналарга боласи кўраётган контентни баҳолаш, хавфли материалларни ажратиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва интернетдаги таҳдидларга қандай муносабат билдиришни ўргатиш таклиф қилинди.
Йўлдошев мессенжерлар орқали ҳужжат алмашиш шахсий маълумотлар хавфсизлиги нуқтаи назаридан энг хатарли усуллардан бири эканини ҳам таъкидлади.
Россия билан қандай ҳамкорлик режалаштирилмоқда?
Йўлдошев Россия билан болаларнинг рақамли муҳитдаги хавфсизлиги бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказиш имкониятини қайд этди.
Хусусан, икки мамлакат мутахассислари кибербуллинг, фирибгарлик, дипфейклар ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича ўқув материаллари тайёрлаши мумкин.
Шунингдек, педагоглар учун очиқ ўқув модуллари кутубхонасини яратиш, уларни ҳар бир мамлакатнинг миллий тилига мослаштириш ҳамда ёшлар ўртасида киберхавфсизлик бўйича мусобақалар ташкил этиш таклиф қилинди.
Вазир ўринбосари Ўзбекистонда Кембриж ва ЮНИСЕФ билан рақамли саводхонлик дастурлари ишлаб чиқилаётганини ҳам таъкидлади.
Ҳозир қандай чоралар амал қилмоқда?
Ўзбекистонда 2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқланган.
Унда интернет орқали содир этиладиган зўравонликнинг олдини олиш, болалар ва ота-оналарнинг рақамли хавфлар ҳақидаги хабардорлигини ошириш каби вазифалар белгиланган.
Медиафорумда айтилган платформалар масъулияти, мактабларда мурожаатларнинг ягона тартиби ва ота-оналар учун амалий машғулотларга оид ташаббуслар эса вазир ўринбосарининг таклифлари сифатида билдирилди.
Количество киберинцидентов в доменной зоне .uz выросло на 570% - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 24.09.2026
Киберҳодисалар қарийб 7 баробар ошди — келажакда янада мураккаб таҳдидлар бўлиши мумкин
Янгиликлар лентаси
0