Оролни қутқариш жамғармаси учун 3,3 млрд долларлик 133 та лойиҳа тайёрланди

© AP Photo / Sergey PonomarevВысыхающее Аральское море
Высыхающее Аральское море - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 10.11.2026
Oбуна бўлиш
Ўзбекистоннинг Оролни қутқариш жамғармасига 2027–2029 йиллардаги раислиги учун 3,3 млрд долларлик 133 та лойиҳа тайёрланди.
ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Ўзбекистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислиги даври учун умумий қиймати 3,3 миллиард долларлик 133 та лойиҳа ишлаб чиқилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Президент Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни мазкур лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Ўзбекистон 2027–2029 йилларда Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилади.
Лойиҳалар сув ресурсларини бошқариш, экология ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳаларини қамраб олади.
Хусусан, қуйидаги ишлар режалаштирилган:
сув хўжалиги иншоотларини модернизация ва реконструкция қилиш;
сув ресурсларини тақсимлаш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этиш;
тошқин ва қурғоқчиликни прогнозлаш ҳамда эрта огоҳлантириш учун минтақавий рақамли платформа яратиш;
аҳолининг ичимлик суви ва санитария хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;
Амударё ва Сирдарё ҳавзалари бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантириш;
чўлланишга қарши минтақавий илмий лойиҳаларни амалга ошириш.
Лойиҳаларни Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Яшил иқлим жамғармаси, Глобал экологик жамғарма ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар кўмагида молиялаштириш кўзда тутилган.
Афғонистон билан ҳамкорлик
Ўзбекистоннинг жамғармага раислиги даврида Афғонистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, жамғарманинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, унинг органлари ваколатларини аниқ тақсимлаш ва минтақавий сув дипломатиясини ривожлантириш режалаштирилган.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти миллий тадқиқот университети жамғарма ташаббусларининг илмий-таҳлилий платформасига айланади.
Университетда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, сув тежамкорлиги бўйича тадқиқотларни кенгайтириш ҳамда Марказий Осиё ва Афғонистон учун сув хўжалиги йўналишида бакалавриат ва магистратура дастурларини йўлга қўйиш белгиланган.
Президент 2027 йилдаги ишлар бўйича ойма-ой "йўл харитаси"ни тасдиқлаш, лойиҳаларга халқаро экспертлар ва олимларни жалб этиш ҳамда қўшни давлатлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришни топширди.
Маълумот учун, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси 1993 йилда Марказий Осиё давлатлари томонидан ташкил этилган.
Здание Совета министров Каракалпакстана - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 08.11.2026
Қорақалпоғистонни ривожлантириш бўйича янги президент қарори қабул қилинди
Янгиликлар лентаси
0