Қорақалпоғистонни ривожлантириш бўйича янги президент қарори қабул қилинди

© Совет министров КаракалпакстанаЗдание Совета министров Каракалпакстана
Здание Совета министров Каракалпакстана - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 08.11.2026
Oбуна бўлиш
Янги қарор билан Қорақалпоғистонда кредитлар, шифокорларга устамалар, IT лойиҳалари ва инфратузилма дастурлари белгиланди.
ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Қорақалпоғистонда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини ошириш, тиббиёт, IT ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича янги чоралар белгиланди. Бу Ўзбекистон президентининг 5 ноябрда қабул қилинган қарорида назарда тутилган.
Қарор 7 ноябрдан кучга кирди. Унда қуйидаги асосий йўналишлар белгиланган.
Имтиёзли кредитлар
2026 йил 15 ноябрдан оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар йиллик 12 фоиз ставкада ажратилади. 2027 йилдан ушбу йўналишга йўналтириладиган кредит ресурслари икки баравар оширилади.
Янги иш ўринлари яратишга қаратилган лойиҳалар учун тадбиркорларга беш йил муддатга, йиллик 12 фоиз ставкада 1 млрд сўмгача кредит берилади.
Янги нодавлат боғчалар ташкил этадиган тадбиркорлар эса 15 йил муддатга, беш йиллик имтиёзли давр билан 7 фоизли кредит олишлари мумкин.
Шунингдек, 2027–2030 йилларда саноат ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини молиялаштиришга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 млн доллар эквивалентида маблағлар жалб қилинади. Улар ҳисобидан тадбиркорларга икки йиллик имтиёзли давр билан етти йилгача 14 фоизли кредитлар берилади.
Шифокорларга 200 фоиз устама
2027 йил 1 январдан Мўйноқ туманига бориб ишловчи шифокорлар учун амал қилаётган 200 фоизлик ойлик устама Тахтакўпир, Шуманай ва Бўзатов туманларига ҳам татбиқ этилади.
Устама шифокорларнинг лавозим маошига нисбатан ҳисобланади.
IT ва янги иш ўринлари
Нукус шаҳри, Қўнғирот, Қораўзак ва Тахиатош туманларида 2030 йилга қадар булутли технологиялар ва сунъий интеллект хизматлари экспорти ҳамда инвестициялари ҳажмини 600 млн долларга етказиш дастури ишлаб чиқилади.
Ушбу лойиҳалар доирасида инвесторларни 1 ГВт қувватли барқарор электр энергияси билан таъминлаш назарда тутилган.
Бундан ташқари, 20 минг нафар ёшни IT ва логистика соҳаларида ўқитиш, янги бизнес ва стартапларни ташкил этиш режалаштирилган.
Олис ҳудудлардаги ёшларни IT соҳасига жалб қилиш ва 1,5 мингта юқори даромадли иш ўрни яратиш учун хориждаги камида 10 нафар малакали ватандошни Қорақалпоғистонга жалб қилиш кўзда тутилган.
Нукус шаҳрида 20 қаватли замонавий бизнес маркази ҳам қурилади.
Мактаблар, шифохоналар ва сув таъминоти
2026–2027 йилларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш учун 160 млрд сўм босқичма-босқич ажратилади.
Маблағлар ҳисобидан:
17 та мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти таъмирланади;
тиббиёт муассасаларида 30 та лифт ва 20 та санитария-гигиена инфратузилмаси объекти яхшиланади, зарур тиббий ускуналар харид қилинади;
Амударё ва Хўжайли туманларидаги саноат зоналари ва хизмат кўрсатиш объектлари инфратузилмаси ривожлантирилади;
Элликқалъа туманидаги "Бўстон" сув тақсимлаш иншооти реконструкция қилинади.
2027 йилда қишлоқ хўжалиги инфратузилмасига ҳам маблағлар йўналтирилади. Каналларни бетонлаш, учта сув иншооти ва 22 та артезиан қудуғини қуриш учун 135 млрд сўм, Бўзатов туманида 7,5 минг гектар ерни ўзлаштириш учун 100 миллиард сўм ажратилади.
Оролбўйида ўрмонлаштириш ва туризм
2027 йил 1 апрелдан Орол ҳудудининг 50 минг гектарида босқичма-босқич ўрмонлаштириш лойиҳаси бошланади.
2030 йил якунига қадар 100 минг гектар яйловда чўл шароитига мос ўсимликлар уруғларини дронлар ёрдамида экиш режалаштирилган.
Судочье кўллар тизими ҳудудида эса қушларни кузатиш туризми ривожлантирилади. Бунинг учун махсус йўналишлар ва туристик инфратузилма ташкил этилади.
Шунингдек, Қорақалпоғистонда туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва ҳудудни тарғиб қилиш учун алоҳида дирекция тузилади.
Кассовый чек - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 19.05.2026
Қорақалпоғистон ва Хоразмда харид чеки орқали автомобиль ютиш мумкин бўлади
Янгиликлар лентаси
0