Польшадаги оммавий отишмада 6 киши ҳалок бўлди — умуммиллий мотам эълон қилинди

© REUTERSВ Польше объявили двухдневный траур после массовой стрельбы
В Польше объявили двухдневный траур после массовой стрельбы - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 08.11.2026
Oбуна бўлиш
Краков марказидаги отишмада олти киши ҳалок бўлди, 16 киши жароҳат олди. Гумонланувчининг уйидан яна уч кишининг жасади топилди.
ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Польшада Краков шаҳридаги оммавий отишмадан сўнг 8–9 ноябрь кунлари умуммиллий мотам эълон қилинди. Ҳужум оқибатида олти киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Президент Кароль Навроцкий 7 ноябрь куни кечқурун мотам эълон қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Мамлакат бўйлаб давлат байроқлари туширилади, оммавий ахборот воситалари ўз дастурларини мотам кунларига мослаштиради. Краков шаҳрида эса мотам 11 ноябргача давом этади.
Краковда нима содир бўлди?
7 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 15:00 (Тошкент вақти билан 19.00 - таҳр.) атрофида қуролланган шахс Краковнинг тарихий марказидаги Бош бозор майдонига автомобиль билан кириб, йўловчиларга қарата ўқ узган.
Ҳужум оқибатида тўрт аёл ва икки эркак ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида Буюк Британия фуқароси ҳам бор.
Сўнгги маълумотларга кўра, 16 киши жароҳатланган. Улар орасида икки нафар полиция ходими ҳам бор. Жароҳат олган хорижликлар орасида Россия, Австрия, Германия, Португалия ва Буюк Британия фуқаролари борлиги аниқланган.
Ҳужум вақтида 1-йўналишдаги трамвайга ҳам ўқ теккан. Машинист кабинасининг ойнаси синган, бироқ трамвайдаги йўловчилар жабрланмаган.
Ҳужумчи қандай қўлга олинди?
Полиция гумонланувчини ҳодиса ҳақида биринчи хабар келганидан уч дақиқа ўтиб қуролли тўқнашувда яралаган ва қўлга олган.
Ҳужумчи 24 ёшли Польша фуқароси экани аниқланган. У ҳарбий услубдаги кийимда бўлган ва AR-15 туридаги милтиқдан фойдаланган. Автомобилидан бошқа қуроллар ва кўп миқдорда ўқ-дорилар топилган.
Гумонланувчи полиция билан отишмада жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган. Унинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.
Гумонланувчининг уйидан яна учта жасад топилди
Польша бош вазири Дональд Тускнинг маълум қилишича, Краковдан қарийб 200 километр узоқликдаги Островец-Свентокшиски шаҳрида гумонланувчининг уйидан икки аёл ва бир эркакнинг жасади топилган.
Дастлабки тахминларга кўра, улар гумонланувчининг яқин оила аъзолари бўлиши мумкин. Ҳозирча уларнинг ўлими қандай ҳолатда содир бўлгани аниқланмаган.
Уйда қуроллар бўлиши эҳтимоли туфайли бинога киришдан олдин дрон ёрдамида текширув ўтказилган. Атрофдаги аҳоли эвакуация қилинган.
Ҳужум сабаблари ўрганилмоқда
Польша бош вазири Дональд Туск воқеани террорчилик ҳаракати деб атади.
Ички ишлар вазири Марчин Кервиньскийнинг билдиришича, дастлабки маълумотлар гумонланувчи ўта ўнг радикал ғоялар таъсирида бўлганини кўрсатмоқда. Бироқ ҳужумнинг аниқ сабаблари ҳали тергов жараёнида ўрганилмоқда.
Текширувга полиция билан бирга Польша Ички хавфсизлик агентлиги ва Ҳарбий контрразведка хизмати ҳам жалб этилган.
Ҳодисадан сўнг Варшавада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Пойтахтнинг одамлар гавжум ҳудудларида қўшимча тўсиқлар ўрнатилиб, назорат кучайтирилди.
Стрельба произошла на ужине Ассоциации корреспондентов, на котором присутствовал Дональд Трамп - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 26.04.2026
Трамп иштирок этаётган тадбирда отишма содир бўлди: нималар маълум?
Янгиликлар лентаси
0