Газ “заправка”лар фаолияти вақтинча чекланиши мумкин

© SputnikМетановая заправка
Метановая заправка - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 07.11.2026
Oбуна бўлиш
Истеъмолчилар чекловлар ҳақида олдиндан хабардор қилинади.
ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда совуқ об-ҳаво сабаб газ таъминотида чекловлар бўлиши мумкин. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
9−11 ноябрь кунлари Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати пасайиб, ёмғир ва қор ёғиши кутилмоқда. Шу муносабат билан вазирлик энергия ресурслари таъминотида барқарорликни сақлаш чораларини кўрмоқда.
Ўзгидромет прогнозига кўра, ушбу кунларда шимолий ва тоғли ҳудудларда қор, бошқа жойларда эса ёмғир ёғади. Тунги ҳарорат шимолда -7 даражагача, мамлакатнинг бошқа айрим ҳудудларида -1…-2 даражагача пасайиши мумкин.
Айни пайтда Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудларда иситиш мавсумини бошлаш ишлари олиб борилмоқда.
Газ таъминотида аҳоли хонадонлари, мактаблар, боғчалар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий объектларга устуворлик берилади.
“Зарурат туғилган тақдирда, мавсумий истеъмолчилар, жумладан, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолияти вақтинча чекланиши мумкин”, - дейилган хабарда.
Бундай чекловлар ҳокимликлар билан келишилган ва тасдиқланган графиклар асосида жорий этилади. Истеъмолчилар чекловлар ҳақида олдиндан хабардор қилинади.
Вазирлик газ ёки электр таъминотида муаммоларга дуч келган фуқароларни туну кун фаолият юритадиган қуйидаги рақамлар орқали мурожаат қилишга чақирди:
1104 — газ босими ва таъминоти билан боғлиқ муаммолар;
104 — газ авария хизмати;
1154 — электр энергияси узилишлари ва тармоқдаги носозликлар.
Энергетика вазирлиги фуқароларни иситиш мавсумида хавфсизлик чораларига алоҳида эътибор қаратишга чақирди.
Хусусан, иситиш ва газ жиҳозлари, мўри ҳамда шамоллатиш йўлларининг созлигини текшириш, носоз ускуналардан фойдаланмаслик лозим. Газ плитасидан хоналарни иситиш мақсадида фойдаланиш мумкин эмас. Бу ис газидан заҳарланишга олиб келиши мумкин.
Бундан ташқари, электр симлари ва розеткаларга ортиқча юклама бермаслик, бир нечта юқори қувватли қурилмани битта узайтиргичга уламаслик тавсия этилади. Иситиш жиҳозларини ёқилган ҳолда назоратсиз қолдирмаслик ҳам муҳим.
Энергия ресурсларидан тежамкор фойдаланиш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бунинг учун кераксиз электр жиҳозларини ўчириш, иситкичлардан меъёрида фойдаланиш ва хонадонларда иссиқликни сақлаш тавсия қилинади. Бу нафақат оилавий харажатларни камайтиради, балки электр тармоқларидаги юкламани ҳам пасайтиради.
Вазирлик фуқароларга фавқулодда мурожаат рақамларини сақлаб қўйиш ва уларни яқинларига ҳам юборишни тавсия қилди.
МВД будет контролировать поставку газа и угля населению - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.11.2026
ИИВ аҳолига газ ва кўмир етказиб берилишини назорат қилади
Янгиликлар лентаси
0