Мирзиёев: террорчи ташкилотлар рақамли муҳитдан фойдаланаётгани жиддий ташвиш уйғотади

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев провел совещание по вопросам подготовки к запланированным в Бухаре крупным международным мероприятиям
Шавкат Мирзиёев провел совещание по вопросам подготовки к запланированным в Бухаре крупным международным мероприятиям - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.11.2026
Oбуна бўлиш
Президентнинг такъкидлашича, кибермакон анъанавий усуллар билан бирга тармоқ орқали ҳужумлар уюштирилаётган, жамоатчилик онгини бошқариш ва ёлғон ахборот тарқатиш каби воситалар тобора фаол қўлланаётган асосий тўқнашувлар майдонига айланди.
ТОШКЕНТ, 6 ноя – Sputnik. Террорчи ташкилотлар рақамли муҳитдан фойдаланаётгани жиддий ташвиш уйғотади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги “Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс” биринчи экспертлар мулоқоти иштирокчиларига йўллаган мурожаатида маълум қилди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозирги кунда геосиёсий кескинликнинг кучайиши, қарама-қаршиликларнинг чуқурлашиши ва қуролли можароларнинг авж олиши, афсуски, дунёдаги вазиятнинг асосий хусусиятлари бўлиб қолмоқда.
Ахборот хавфсизлигини таъминлаш, муҳим инфратузилмаларни ҳимоя қилиш ва давлатнинг бузғунчи таъсирларнинг янгича шаклларига нисбатан барқарорлиги масалалари янада долзарб бўлиб бормоқда. Бугун биз трансмиллий таҳдидларнинг табиати чуқур ўзгариб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Мирзиёев рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва глобал коммуникация воситаларининг шиддат билан ривожланиши нафақат тараққиёт учун кенг имкониятлар очмоқда, балки мутлақо янги муаммоларни ҳам келтириб чиқараётганини қайд этди.
“Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, кибермакон анъанавий усуллар билан бирга тармоқ орқали ҳужумлар уюштирилаётган, жамоатчилик онгини бошқариш ва ёлғон ахборот тарқатиш каби воситалар тобора фаол қўлланаётган асосий тўқнашувлар майдонига айланди. Террорчи ташкилотлар рақамли муҳитдан фойдаланаётгани жиддий ташвиш уйғотади. Интернет платформалари радикал ғояларни тарғиб қилиш, янги тарафдорларни ўз томонига оғдириш, молиявий маблағлар тўплаш ҳамда давлат чегараларини тан олмайдиган экстремистик бирлашмаларни шакллантириш воситасига айланиб бормоқда”, - деди Ўзбекистон етакчиси.
Президентнинг фикрича, бундай шароитда айниқса ёшлар аҳолининг энг заиф тоифаси бўлиб қолмоқда. Бузғунчи кучлар ёшлар онгига мақсадли равишда таъсир кўрсатиб, уларни ўз жамоаларига жалб этмоқда, ижтимоий зиддиятлардан фойдаланмоқда ва тоқатсизлик ғояларини тарқатмоқда.
Бундай жараёнлар миллатлараро ва динлараро тотувликка путур етказиши, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга олиб келиши мумкин.
Шу боис юзага келаётган можароларга нафақат тезкор муносабат билдириш, балки хавф-хатарларнинг олдини олиш – уларни аниқлаш, ўзаро ахборот алмашиш, хавфсизликни таъминлаш борасида миллий салоҳиятни мустаҳкамлаш ва ўзаро келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш лозим.
“Ишончимиз комил, ҳеч бир давлат чегара билмайдиган таҳдидларга якка ўзи тўлиқ қарши тура олмайди. Бу эса, табиий равишда, халқаро ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва биргаликда иш олиб боришнинг амалий механизмларига бўлган талабни кучайтиради”, - деди давлат раҳбари.
Мирзиёев Самарқанддаги мулоқот нафақат долзарб таҳдид ва хавф-хатарларни ҳар томонлама муҳокама қилиш, балки халқларнинг хавфсизлиги ва давлатларнинг барқарор тараққиётини таъминлашга қаратилган ҳамкорликнинг амалий йўналишларини белгилаб олиш имконини беришига ишонч билдирди.
5−6 ноябрь кунлари Самарқандда "Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс мулоқоти"нинг биринчи учрашуви бўлиб ўтмоқда. У "Рақамли трансформация даврида хавфсизлик" мавзусига бағишланган.
Учрашувда 24 та давлатдан 33 та делегация, жумладан, махсус хизматлар раҳбарлари, 5 та халқаро ташкилот вакиллари, экспертлар ва кузатувчилар иштирок этмоқда.
Бундай мулоқот ўтказиш ташаббусини Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2024 йилда илгари сурган эди. Биринчи учрашувни Самарқандда ташкил қилиш қарори 2025 йилда Тяньцзинда бўлиб ўтган ШҲТ давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида маъқулланган.
Штаб-квартира Службы внешней разведки России в Москве. Архивное фото
 - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.11.2026
Россия ТРХ "ёлғиз террорчилар" таҳдиди ортиб бораётганидан огоҳлантирди
Янгиликлар лентаси
0