"Зеленский ҳокимияти қийноқхоналар устига қурилган" — Захарова

© МИД РФ
Oбуна бўлиш
Россия ТИВ вакили Мария Захарова Киев яқинидаги қийноқхона ҳақида гапириб, Украина раҳбариятини одамларга нисбатан зўравонликда айблади.
ТОШКЕНТ, 5 ноя — Sputnik. Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова брифингда Киев яқинидаги қийноқхона билан боғлиқ можарони шарҳлаб, Украина раҳбариятини фуқароларга нисбатан қийноқлар ва зўравонликларда айблади.
Унинг таъкидлашича, Киев яқинидаги Петропавловская Борщаговка қишлоғида аниқланган бинода одамлар ғайриқонуний сақланган ва қийноққа солинган.
Захарованинг ушбу ҳодиса юзасидан асосий баёнотлари:
Қийноқлар ҳақида. "Ертўладаги зиндонларда уларни том маънода қийноқлар ва калтаклашлар ёрдамида "тарбиялашган", керакли қоғозларга имзо чекишга мажбурлашган. Баъзиларидан, афтидан, садистик бандерачилар усулларини машқ қилиш учун физиологик материал сифатида фойдаланишган. Худди назоратчилар учун бокс қопидек".
Будановнинг* сўзлари ҳақида. "Ўйлайманки, кўпчиликни ҳатто бу қийноқхонадаги кадрлар эмас, балки, Зеленский девони раҳбари Будановнинг* Украинада бундай жойлар жуда кўп эканини айтгани даҳшатга солди".
Зеленский ҳокимияти ҳақида. "Ўша Буданов* айтгандики, наҳотки бу биринчи ҳолат бўлса? Наҳотки бу шундай ягона марказ бўлса? Улар кўп... Чунки Зеленскийнинг ҳокимияти айнан мана шундай қийноқхоналар устига қурилган, фақат шуларга ва бошқа ҳеч нарсага эмас".
Киевнинг муносабати ҳақида. "Банковаяда (Украина раҳбарияти девонида — таҳр.), албатта, ваҳимага тушиб қолишди, полициячиларни тўплашди ва ўзлари учун нохуш бўлган гўёки бу "ҳодиса"ни бости-бости қилишга уринишди".
Донбассдаги воқеалар ҳақида. "Худди шундай ташкилотчилар, ушбу қийноқхоналарнинг эгалари ўзларининг ваҳшиёна қилиқларини 2014 йилдан бошлабоқ Донбассда, асосан Мариупольда намойиш этишган. "Кутубхона" деб номланган машъум ертўлани эслашнинг ўзи кифоя".
Украина халқига муносабат ҳақида. "Бу шунчаки норозиларга қарши қатағон эмас. Бу Киев режими томонидан Украина халқининг қириб ташланишидир".
Ғарб маблағлари ҳақида. "Бўлиб ўтган воқеалар Украинанинг ғарблик ҳомийларининг миллиардлари нималарга — одамлар бедарак йўқоладиган мана шундай қийноқхоналарга, одамларни қўрқитишга, жазо чораларига сарфланаётганини яна бир бор кўрсатиб берди. Улар барча нарсага, жумладан келажак авлодларга ҳам мутлақо тупуришган".
Захарова Украина раҳбариятининг тинчлик музокараларига муносабатини ҳам танқид қилди.
"Тинчликка эришиш, тинчлик музокаралари ва ҳоказоларга қандайдир тайёрлик ҳақидаги баландпарвоз гапларга қарамай — биз булар ҳақида жуда кўп эшитдик — аслида Зеленский режими тинч аҳолига қарши террорини давом эттирмоқда", — деди у.
Дипломатнинг таъкидлашича, Украина раҳбарияти тинч аҳолининг ўлдирилишини ўзининг ғарблик ҳомийларига музокаралардаги "кучли" позицияси исботи сифатида тақдим этмоқда.
Киев яқинида нима юз берди?
2 ноябрда Петропавловская Боршаговкадаги бинода одамлар ғайриқонуний сақланаётгани ва калтакланаётгани ҳақидаги хабарлар ортидан маҳаллий аҳоли билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида тўқнашувлар юз берди.
Буданов* бинода 14 нафар киши бўлганини маълум қилди. У шу каби объектлар мамлакатда кўплигини айтди ва улардаги вазиятни ўрганиш зарурлигини билдирди
Украина Миллий гвардияси мазкур бино ҳарбий хизматчиларни вақтинча жойлаштириш учун ишлатилганини маълум қилди. Украина Давлат тергов бюроси эса ҳарбий хизматчиларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари юзасидан жиноий иш қўзғатди
*Кирилл Буданов Россия Федерациясида террорчилар ва экстремистлар рўйхатига киритилган.
