"Заифроқлари ўлиб кетади": Киев яқинида "Азов"* махфий қамоқхонаси топилди
13:25 03.11.2026 (янгиланди: 13:33 03.11.2026)

© Кадры из соцсетей
Oбуна бўлиш
Киев яқинида "Азов"га* тегишли бинода одамлар қийноққа солингани ҳақидаги хабарлар оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Украина ҳарбийси бундай қамоқхоналар мамлакат бўйлаб тарқалганини айтди.
ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Киев вилоятидаги Петропавловская Боршаговка қишлоғида "Азов"* бўлинмасига тегишли бинода ҳарбий хизматчилар қийноққа солингани, айримлари калтаклаб ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар катта жанжалга сабаб бўлди. Бу ҳақда РИА Новости Украина ОАВлари ва Олий рада депутати Артём Дмитрукнинг баёнотларига таяниб хабар берди.
2 ноябрь куни хусусий уй ертўласида 40 нафарга яқин одам мажбуран ушлаб турилгани, улар орасида оғир жароҳатланганлар борлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Воқеа жойига келган тиббиёт ходимларини дастлаб бинога киритишмади. Шифокорлар ичкаридаги айрим кишиларнинг аҳволи оғир эканини билдиришди.
Бино олдига ҳарбийларнинг қариндошлари ва маҳаллий аҳоли тўпланди. Одамлар "Шармандалик!" деб бақириб, дарвозани очишни талаб қилди. Норозиликлар полиция ва ҳарбийлар билан тўқнашувларга айланди. Кўздан ёш оқизувчи газ қўлланилди, ўқ овозлари эшитилди, хизмат автомобилларига шикаст етказилди.
Маҳаллий аёллардан бири турмуш ўртоғи 37 кун давомида ушбу бинода сақлангани ва уни озод қилиш учун 100 минг гривна талаб қилинганини даъво қилди.
14 ёшли ўсмирни белкурак билан урганлари айтилмоқда
Жанжал авж олган пайтда бино ҳудудида 14 ёшли ўсмир ҳам аниқланди.
Украинанинг "Зеркало недели" нашри гувоҳларга таяниб, ўсмир белкурак билан калтаклангани ва унинг аҳволи оғир эканини хабар қилди.
Бироқ ўсмирнинг бино ҳудудига қандай киргани ва айнан ким томонидан жароҳатлангани ҳозирча аниқланмаган. Боланинг ўзи у ерга бошқа йигитлар билан келганини айтган.
Воқеа жойига етиб келган Владимир Зеленский офиси раҳбари Кирилл Буданов** ўсмир билан суҳбатлашиб, унинг қариндошлари билан боғланди.
"Заифроқлари шунчаки ўлиб кетади"
Украинани тарк этган Олий рада депутати Артём Дмитрукнинг даъво қилишича, ушбу бинода сўнгги бир ой ичида бир неча киши калтаклаб ўлдирилган. Ҳалок бўлганлар эса бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган.
"Одамларни ўғирлаб кетишади ва қийноққа солишади. Айримларини ҳарбий қисмларга, бошқаларини қариндошларига сотишади. Заифроқлари эса қийноқлар ва сақлаш шароитлари туфайли шунчаки ўлиб кетади", — деб ёзди Дмитрук ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Унинг таъкидлашича, бундай амалиёт Украинадаги мажбурий сафарбарлик тизими билан боғлиқ. Депутатнинг ўлим ҳолатлари ва одамларни пул эвазига озод қилиш ҳақидаги айбловлари ҳозирча мустақил равишда тасдиқланмаган.
Украинада бундай "чуқурлар" қанча?
Украинанинг "Страна.ua" нашри ўзи ҳам шундай жойлардан бирида сақланганини айтган ҳарбий хизматчи билан суҳбатлашди.
Ҳарбийнинг сўзларига кўра, армияда бундай норасмий қамоқхоналар "яма", яъни "чуқур" деб аталади. Улар айниқса фронтга яқин шаҳарларда кенг тарқалган.
У ерга нафақат ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан тарк этганлар, балки спиртли ичимлик истеъмол қилганлар, буйруқни бажаришдан бош тортганлар ёки командирнинг ғазабига учраганлар ҳам тушиб қолиши мумкин.
Ҳарбийнинг таъкидлашича, бундай жойларда сақланаётганлар ҳуқуқсиз ҳолатга тушиб қолади, улар калтакланиши ва таҳқирланиши мумкин.
Жисмонан ишлашга қодир бўлганлар эса кўпинча жазо тариқасида фронтнинг энг хавфли участкаларига юборилади. У ерда улар доимий дрон ҳужумлари остида оғир вазифаларни бажаради.
Ҳарбийнинг айтишича, бундай жазо муддати аввал 30 кун бўлган, кейин 45 кунгача узайтирилган. Унинг таъкидлашича, бу муддат охиригача ҳамма ҳам тирик қолмайди.
Буданов**: бундай бинолар кўп
Норозиликлар вақтида намойишчилардан бири Будановдан** Украинада нима учун одамлар сақланадиган бундай бинолар мавжудлигини сўради.
"Чунки бундай бинолар кўп", — деб жавоб берди у.
Буданов** ушбу объектларнинг фаолияти ва уларда содир бўлаётган воқеаларни текширишга ваъда берди. Бироқ у барча шундай биноларда қийноқлар қўлланилишини тасдиқламаган.
"Унда фронтда ким жанг қилади?"
Украина Миллий гвардияси қўмондони Александр Пивненко УНИАН агентлигига берган интервьюсида мазкур бино вақтинчалик ҳарбий жойлашув пункти эканини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, бинода 18 нафар сафарбар этилган ҳарбий ва қисмни ўзбошимчалик билан тарк этгани учун қайтарилган тўрт нафар хизматчи бўлган. Охирги тўрт нафар жароҳатланган ҳарбий тиббий муассасага юборилган.
Пивненко бундай ҳарбийларни қисмларга қайтариш зарурлигини таъкидлади.
"Агар сафарбар этилганлар фронтга бормаса, у ерда ким жанг қилади? Бир киши тўрт-беш йиллаб жанг қилиши керакми? Бу ҳам мумкин эмас", — деди у.
Шу билан бирга, қўмондон ҳарбийларга нисбатан қийноқ қўлланилгани ҳақидаги айбловларни рад этди. Унинг таъкидлашича, жароҳатлар қандай пайдо бўлганини хизмат текшируви аниқлайди.
Украина ҳарбий омбудсмани Ольга Решетилова воқеа юзасидан текширув тайинланганини маълум қилди.
*"Азов" — Россияда террорчилик ташкилоти деб топилган ва фаолияти тақиқланган тузилма.
**Кирилл Буданов Россия Федерациясида террорчилар ва экстремистлар рўйхатига киритилган.
