Ўзбекистон атом энергетикасининг келажагига тайёргарлик: МАГАТЭ билан тажриба ва ҳамкорлик
12:11 29.10.2026 (янгиланди: 14:06 29.10.2026)

© Sputnik
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Тошкентдаги халқаро йиғилишда реакторларни демонтаж қилиш, радиоактив чиқиндилар ва соҳада кадрлар тайёрлаш муҳокама қилинди.
ТОШКЕНТ, 29 окт — Sputnik. Тошкентда ядро реакторларини фойдаланишдан чиқаришга бағишланган МАГАТЭ халқаро йиғилиши ўтмоқда. Тадбир доирасида агентлик эксперти Владимир Михал Sputnik Ўзбекистон мухбирига берган интервьюсида бўлажак АЭСда ҳосил бўладиган радиоактив чиқиндилар билан ишлашга қандай тайёргарлик кўриш зарурлигини тушунтирди.
“Келажакда қанча радиоактив чиқиндилар ҳосил бўлишини олдиндан аниқлаб олиш муҳим. Бу тегишли технологияларни ривожлантириш, сақлаш омборларини кенгайтириш ва бундай ишларни молиялаштиришни кўзда тутиш учун зарур”, — деди Михал.
Унинг таъкидлашича, бундай ёндашув зарур инфратузилма ва ресурсларни ўз вақтида тайёрлаш, ядровий лойиҳаларни ишлаб чиқиш босқичидаёқ хавфсизлик масалаларини ҳисобга олиш имконини беради.
Тошкентда халқаро тажриба муҳокама қилинмоқда
МАГАТЭ 26–30 октябрь кунлари Тошкентда эски ядро реакторларини фойдаланишдан чиқариш бўйича тадқиқотларга бағишланган учинчи халқаро мувофиқлаштириш йиғилишини ўтказмоқда.
Унда ўнта давлат, жумладан, АҚШ, Хитой, Қозоғистон, Эрон, Миср ва Индонезия мутахассислари иштирок этмоқда.
Иштирокчилар ядровий қурилмаларни демонтаж қилиш технологиялари, радиоактив чиқиндилар билан ишлаш, ускуна ва материалларнинг радиациявий ҳолатини баҳолаш ҳамда бундай ишларнинг хавфсизлигини ошириш усулларини муҳокама қилмоқда.
Йиғилишнинг айнан Тошкентда ташкил этилиши Ўзбекистоннинг бу соҳадаги амалий тажрибаси билан ҳам боғлиқ.
Ўзбекистоннинг реакторни демонтаж қилиш тажрибаси
Мамлакатда 2019 йилда “Фотон” АЖга қарашли ИИН-3М тадқиқот реакторини фойдаланишдан чиқариш ва демонтаж қилиш ишлари якунланган. Лойиҳа Ўзбекистон Ядро физикаси институти ва Россиянинг “Сосни” илмий-ишлаб чиқариш корхонаси иштирокида, МАГАТЭнинг техник ва маслаҳат кўмагида амалга оширилган.
Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти директорининг инновациялар ва халқаро алоқалар бўйича ўринбосари, техника фанлари доктори Фахрулла Кунгуровнинг айтишича, мазкур реактор илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, радиоэлектрон қисмларнинг нейтрон ва гамма-нурланиш таъсирига чидамлилигини синаш учун ишлатилган.
МАГАТЭ Ядро энергияси департаментининг ядровий объектларни фойдаланишдан чиқариш бўйича гуруҳи раҳбари Владимир Михал ҳам ушбу халқаро лойиҳада иштирок этган.
“Бу жуда муваффақиятли лойиҳа бўлди. Шунингдек, биз дастлабки тахминларга тўлиқ мос келмайдиган қизиқарли физик жараёнларни ҳам аниқладик. Бу тажрибани бошқа мамлакатлардаги мутахассисларга ҳам етказиш зарур”, — деди Михал.
Унинг фикрича, Ўзбекистонда орттирилган тажриба шунга ўхшаш тадқиқот реакторларидан фойдаланаётган бошқа давлатлар учун ҳам фойдали бўлиши мумкин.
Атом энергетикаси учун мутахассислар қандай тайёрланмоқда?
Кунгуровнинг сўзларига кўра, ядро объектларининг бутун хизмат муддати давомида хавфсизликни таъминлай оладиган мутахассисларни тайёрлаш халқаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан биридир.
Ҳозирда Ядро физикаси институтидаги ВВР-СМ тадқиқот реактори 60 йилдан ортиқ вақтдан бери ишлатиб келинмоқда. Уни яқин вақтда фойдаланишдан чиқариш режалаштирилмаётган бўлса-да, мутахассислар бу жараённинг халқаро тажрибасини олдиндан ўрганмоқда.
“Қурилажак атом электр станцияси беш йилдан кейин фойдаланишдан чиқарилмайди — унинг хизмат муддати 60–100 йилни ташкил этиши мумкин. Бироқ мутахассислар бу жараённи қандай ташкил этиш, қандай технологияларни қўллаш ва хавфсизликни қандай таъминлаш кераклигини олдиндан тушунишлари лозим”, — дея тушунтирди Кунгуров.
Ўзбекистонлик мутахассислар МАГАТЭнинг ихтисослаштирилган мактаблари, семинарлари ва халқаро йиғилишларида иштирок этмоқда. Олинган билим ва тажрибани келгусида ёш олимлар ҳамда соҳадаги бошқа мутахассисларга етказиш режалаштирилган.
“Тадбирларимиз бундай вазифаларга дуч келаётган барча мамлакатлар учун очиқ. Ўзбекистон ҳам шулар жумласидан. Агар мамлакатдан тегишли таклифлар келиб тушса, биз уларни албатта жиддий кўриб чиқамиз”, — деди МАГАТЭ вакили.
Михал агентлик экспертлари ва Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш муҳимлигини ҳам таъкидлади. Бу янги лойиҳалар ҳақида маълумот олиш, амалий тажриба алмашиш ва халқаро мутахассислардан маслаҳат олиш имконини беради.
Ядро хавфсизлиги ва келгусидаги вазифалар
Тошкентдаги халқаро йиғилишда “Ўзатом”, санитария-эпидемиология хизмати ҳамда соҳани тартибга солувчи органлар вакиллари ҳам иштирок этмоқда.
Кунгуровнинг таъкидлашича, бундай учрашувлар атом энергетикасини ривожлантириш билан боғлиқ вазифаларга тайёргарлик кўришда муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистоннинг МАГАТЭ билан ҳамкорлиги ядро объектлари хавфсизлигини таъминлаш, радиоактив чиқиндилар билан ишлаш, атом энергетикаси ва ядро тиббиётини ривожлантириш, шунингдек, қонунчиликни такомиллаштириш йўналишларини ҳам қамраб олади.
Алоҳида эътибор ядро объектларининг жисмоний ҳимоясига қаратилмоқда. Бу қўриқланадиган ҳудудлар, муҳандислик тўсиқлари ва бошқа хавфсизлик чораларини назарда тутади.
Уларни объектларни лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш жараёнларида ҳисобга олиш зарур.
Мутахассисларнинг фикрича, радиоактив чиқиндилар билан ишлаш, уларни хавфсиз сақлаш ва ядро объектларини келгусида фойдаланишдан чиқариш масалалари атом энергетикаси лойиҳаларининг дастлабки босқичлариданоқ режалаштирилиши лозим.
