Тошкентда реновация: 549 та хонадонли эски уйлар бузилиб, аҳолига янги хонадонлар берилади
10:05 29.10.2026 (янгиланди: 10:14 29.10.2026)

© Sputnik / Ильсия Гильманшина
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Миробод туманида 549 та хонадондан иборат 58 та эски уйни бузиш режалаштирилган. Аҳолига пул эмас, янги хонадон берилади.
ТОШКЕНТ, 29 окт — Sputnik. Тошкентнинг Миробод туманидаги А. Фитрат номли маҳаллада реновация лойиҳаси доирасида 549 та хонадондан иборат 58 та икки қаватли уйни бузиш режалаштирилган. Шунингдек, 1 та ётоқхона, 1 та ер участкали ҳовли ва 23 та нотурар жой объекти ҳам реновация ҳудудига киритилган.
Маълум қилинишича, ушбу объектлар 1950 йилларда қурилган. Кадастр маълумотларига кўра, уйлар аллақачон яшаш учун яроқсиз ҳолга келган.

Дома, попадающие под реновацию в Мирабадском районе
© Sputnik / Ильсия Гильманшина
Маҳалла аҳолиси ҳам электр таъминоти, қувурлар ва канализация тизими билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини тасдиқламоқда. Миробод тумани ҳокимлиги ва бошқарув компаниялари уйларни таъмирлаш орқали вазиятни яхшилашга уринган, бироқ мавжуд муаммоларни тўлиқ бартараф этишнинг имкони бўлмаган.
“Реновация 12,5 гектар майдонни қамраб олади. Биз ушбу ҳудуд доирасида иш олиб боряпмиз. Биринчи участкада 30 нафар хонадон эгаси билан нотариал келишувлар имзоланди, қолганлар билан музокаралар давом этмоқда”, — деди "Tashkent Invest" вакили Sputnik Ўзбекистон мухбирига.

Дома, попадающие под реновацию в махалле им. А. Фитрата, Мирабадский район, г. Ташкент
© Sputnik / Ильсия Гильманшина
Унинг таъкидлашича, айрим мулкдорлар билан келишувга эришишга ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар тўсқинлик қилмоқда. Масалан, хонадон вафот этган қариндош номида расмийлаштирилган, бироқ мерос ҳуқуқи ҳали тасдиқланмаган бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда нотариал келишув тузишнинг имкони йўқ. Шу боис компания вакиллари аҳолига мерос масалаларини ҳал қилиш ҳамда кадастр ҳужжатларидаги хатоларни тузатишда кўмаклашмоқда.
Лойиҳа ташкилотчилари янги хонадонларнинг майдони аввалги уй-жойларникидан кам бўлмаслигини ваъда қилмоқда. Мавжуд хонадонларнинг майдони мустақил баҳолаш ташкилотлари томонидан ўлчанади. Агар мулкдор каттароқ хонадон олишни истаса, қўшимча квадрат метрлар учун имтиёзли нархда тўлов қилиши мумкин.
Лойиҳа ташкилотчиларининг маълумотларига кўра, аҳолига таклиф этилаётган янги уйлардаги хонадонларнинг ҳар квадрат метри одатдаги нархдан ўртача 200–300 долларга арзонроқ бўлади.
Аҳолини янги уйлар тайёр бўлишига қараб босқичма-босқич кўчириш режалаштирилган. “Болгар полизлари” номи билан танилган ушбу мавзедаги мулкдорларга қурилаётган тўртта турар жой мажмуасидан бирини танлаш имконияти берилмоқда.
Таклиф этилаётган вариантлар орасида Миробод туманида, эски уйлар жойлашган ҳудуддан тахминан бир километр узоқликдаги, шунингдек, Сергели туманининг “Янги Ўзбекистон” массивидаги турар жой мажмуалари бор.
“Ўзимиз танлашимиз учун икки-учта жойни кўрсатишди. Ўғлим билан бордик, у ўзига алоҳида, биз эса ўзимизга алоҳида танладик”, — дейди маҳалла аёлларидан бири.

Жилой комплекс в Сергелийском районе, массив "Новый Узбекистан"
© Sputnik / Ильсия Гильманшина
Бузиладиган уйлар ўрнида нима қурилади?
Tashkent Invest вакилларининг маълум қилишича, ҳозирда ҳудуднинг бош режаси (мастер-план) ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, бўшайдиган майдонда ижтимоий инфратузилма объектлари, жумладан, мактаб, яшил ҳудудлар ва бизнес марказлари барпо этилиши кўзда тутилган.
Миробод тумани ҳокимлиги вакиллари эса реновация доирасида уй-жойидан кўчириладиган аҳолига пул компенсацияси эмас, балки янги қурилган уйлардан хонадонлар берилишини таъкидлади.
Уларнинг тушунтиришича, бундай ёндашув аҳоли олинган компенсация пулини бошқа эҳтиёжларга сарфлаб, оқибатда уй-жойсиз қолиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган. Шу сабабли лойиҳада пул шаклида компенсация тўлаш назарда тутилмаган.
Toshkent Invest
Маълумот учун: “Toshkent Invest kompaniyasi” АЖ 2023 йилда президент фармони асосида Тошкент шаҳар ҳокимлиги муассислигида ташкил этилган. Компания пойтахтда инвестиция, қурилиш, реновация ва инфратузилмани ривожлантириш лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этади.
