Электр тақсимлаш тизимларини модернизация қилиш: ЖБ Ўзбекистонга 100 млн доллар ажратди

© Sputnik / СтрингерЗдание Всемирного банка в Вашингтоне
Здание Всемирного банка в Вашингтоне - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 28.10.2026
Oбуна бўлиш
Модернизация натижасида 11,7 минг иш ўрни яратилиши кутилмоқда. 371 млн долларлик дастур 60 та подстанцияни қамраб олади.
ТОШКЕНТ, 28 окт — Sputnik. Жаҳон банки (ЖБ) Ижрочи директорлар кенгаши 27 октябрда Ўзбекистоннинг электр энергиясини тақсимлаш тизимини модернизация қилиш учун 100 млн доллар қарз ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Маблағлар мамлакат бўйлаб 60 та асосий подстанцияни модернизация қилиш ва рақамлаштиришга йўналтирилади. Бу электр энергияси йўқотишларини камайтириш, тармоқларга тушадиган ортиқча юкламани пасайтириш ва электр таъминоти ишончлилигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Дастурнинг умумий қиймати 371 млн долларни ташкил этади. Шундан 100 млн долларини Жаҳон банки, 200 млн долларини Осиё тараққиёт банки (ОТБ) қарз сифатида тақдим этади. Қолган 71 млн доллар Ўзбекистон давлат бюджетидан ажратилади.
ОТБ 30 сентябрда 200 млн долларлик қарзни маъқуллаган, 15 октябрда эса тегишли битим имзоланган.
ЖБ прогнозларига кўра, модернизация қилинган объектлар ишга туширилгандан кейинги беш йил давомида дастур қарийб 11,7 мингта қўшимча сифатли иш ўрни яратилишига ҳам хизмат қилади.
Шунингдек, 2031 йилга бориб модернизация қилинган подстанцияларда электр энергиясининг йиллик йўқотишлари 20 минг МВт·соатга қисқариши кутилмоқда. Дастур камида 3,3 ГВт қайта тикланувчи энергия қувватларини тармоққа улаш учун шароит яратади.
Бундан ташқари, атмосферага ҳар йили қарийб 23 минг тонна карбонат ангидрид эквивалентига тенг иссиқхона газлари чиқарилишининг олдини олиш режалаштирилган.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистонда электр тармоқларининг катта қисми бир неча ўн йиллар аввал қурилган. Кўплаб подстанциялар ортиқча юклама билан ишламоқда. Бу эса электр энергияси йўқотишлари ва аҳоли хонадонлари, корхоналар, мактаблар ҳамда тиббиёт муассасаларида электр таъминоти узилишларига сабаб бўлмоқда.
Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасин ишончли электр таъминоти аҳолининг кундалик ҳаёти, иқтисодий фаолият ва янги иш ўринлари яратилиши учун муҳимлигини таъкидлади.
Дастур “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан амалга оширилади. Подстанцияларни янгилашдан ташқари, компаниянинг молиявий бошқарув тизимларини такомиллаштириш, киберхавфсизликни кучайтириш ва институционал салоҳиятини ошириш ҳам кўзда тутилган.
Ўзбекистон 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбаларининг ўрнатилган қувватини 25 ГВтга етказишни мақсад қилган. Бунинг учун электр тармоқларини модернизация қилиш ва уларнинг янги қувватларни қабул қилиш имкониятларини кенгайтириш талаб этилади.
Фасад с надписью Министерство экономики и финансов Республики Узбекистан - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.08.2026
Ўзбекистоннинг давлат қарзи 48,3 млрд долларга етди
Янгиликлар лентаси
0