Газ лимити, пенсия ва SMS-рекламага чеклов: 1 ноябрдан нималар ўзгаради

© Sputnik / Сгенерировано ИИИзображение сгенерировано ИИ
Изображение сгенерировано ИИ - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.10.2026
Oбуна бўлиш
1 ноябрдан газ меъёри ошади, розиликсиз реклама қўнғироқлари ва SMSлар тақиқланади, айрим пенсиялар аризасиз тайинланади.
ТОШКЕНТ, 27 окт — Sputnik. Ўзбекистонда 1 ноябрдан аҳоли, тадбиркорлар ва хорижга сафар қилувчиларга тааллуқли қатор янги тартиблар амал қила бошлайди. Sputnik асосий ўзгаришларни бир жойга жамлади.
Табиий газ меъёри ошади
Қорақалпоғистон ва Хоразмдан ташқари ҳудудларда табиий газ истеъмолининг ойлик базавий меъёри 100 куб метрдан 500 куб метрга ошади. Қишки меъёр ноябрь–февраль ойларида амал қилади. Қорақалпоғистон ва Хоразмда эса у 1 октябрдан жорий этилган.
Шунингдек, аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришда янги тизим ишга тушади. Газни биржанинг алоҳида савдо майдончасидан харид қилиш ва етказиб бериш билан "LPG-Trade" компанияси шуғулланади.
Реклама қўнғироқлари ва SMSларга чеклов
Компаниялар фуқароларнинг ёзма ёки электрон розилигисиз реклама хабарларини юбора олмайди. Соат 18:00 дан 09:00 гача мобил алоқа орқали реклама тарқатиш тақиқланади.
Мобил операторлар абонент талабига кўра реклама қўнғироқлари ва хабарларини тўлиқ ёки қисман блоклаши шарт.
Айрим пенсиялар аризасиз тайинланади
Корхона тугатилгани ёки иш ҳажми қисқаргани сабаб ишсиз деб эътироф этилган шахсларга белгиланган ёшдан икки йил аввал пенсия тайинлаш проактив шаклга ўтади. Бунинг учун алоҳида ариза талаб қилинмайди.
Зарарли ва оғир меҳнат шароитида ишлаган фуқаролар имтиёзли пенсия учун давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz орқали мурожаат қилиши мумкин бўлади.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун янги тартиб
Реабилитациянинг айрим техник воситаларини харид қилиш учун ажратиладиган маблағлар ижтимоий картага ўтказилади. Бу фуқароларга зарур воситаларни белгиланган тартибда сотиб олиш имконини беради.
Хориждан келадиган жўнатмалар арзонроқ расмийлаштирилади
Халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш йиғими 20 фоизга камаяди — ҳар бир килограмм учун 8 800 сўмдан 7 040 сўмга.
Масалан, 5 килограммлик жўнатма учун йиғим 44 минг сўм ўрнига 35,2 минг сўмни ташкил этади. Бу божсиз олиб кириш лимитидан ошган товарларга қўлланадиган тўловлардан алоҳида ҳисобланади.
Тадбиркорлар учун энергия тўловлари камаяди
Автоматлаштирилган ҳисоб тизими ва масофадан бошқариладиган ҳисоблагичларга эга корхоналарнинг электр энергияси ва газ учун ойлик олдиндан тўлови 100 фоиздан 15 фоизга тушади.
Охирги икки ойда тўлов интизомини бузганларга бу енгиллик татбиқ этилмайди. Энергия сарфи бўйича ёзма ҳисоботлар бекор қилиниб, шартномалар электрон шаклга ўтказилади.
Иссиқхоналарга субсидия берилади
Энергия тежовчи қопламалар ёки экологик тоза иситиш технологияларидан фойдаланадиган иссиқхоналарга октябрь–март ойларида истеъмол қилинган электр энергияси қийматининг 50 фоизи қоплаб берилади. Дастур 2030 йил 1 апрелгача амал қилади.
Патруллар энди хонадонлардаги ҳодисаларга ҳам чиқади
1 ноябрдан патруль-пост ва қўриқлаш хизмати ходимлари 112 орқали келиб тушган хабарлар асосида нафақат жамоат жойлари, балки хонадонларда содир бўлган жиноят ва ҳодисаларга ҳам тезкор етиб боради.
Патруллар йўналиши маҳаллаларнинг ички кўчаларини ҳам қамраб олади. Сутка давомида ишлайдиган гастрономик кўчаларда жамоат тартибини сақлаш патруль-пост хизматига юклатилади.
Оммавий тадбирларда тартибни бузган шахсларнинг кейинги тадбирларга кириши вақтинча чекланади.
Ноябрнинг кейинги кунларида
3 ноябрдан банклар кредит рекламаларида уни қайтармасликнинг молиявий хавфлари ҳақида огоҳлантириши шарт. Бундай огоҳлантириш реклама майдони ёки ролик давомийлигининг камида 10 фоизини, кредит шартномаси биринчи саҳифасининг эса камида 30 фоизини эгаллаши керак.
6 ноябрдан пулли автомобиль йўлларига оид қонун нормалари амалга киритилади. Бундай йўлларни ташкил этишда муқобил бепул йўл мавжуд бўлиши шарт.
8 ноябрдан риэлторлик фаолияти тўғрисидаги янги қонун кучга киради. Риэлторлар учун малака сертификати ва ягона реестрга киритиш талаблари белгиланган.
Какие изменения вступят в силу в Узбекистане с 1 сентября? - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.08.2026
Иш ҳақи, жарималар ва "прописка": 1 сентябрдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради
Янгиликлар лентаси
0