Эксперт исломий банкинг бизнес ва аҳоли учун қандай имкониятлар очишини тушунтирди

© Sputnik / Сгенерировано ИИИзображение сгенерировано ИИ
Изображение сгенерировано ИИ - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 26.10.2026
Oбуна бўлиш
Исломий банкинг хорижий сармоя жалб қилиш ва тадбиркорларга банк кредитларига муқобил молиялаштиришни таклиф этиши мумкин
ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. Ўзбекистонда исломий банкингнинг жорий этилиши хорижий инвестицияларни жалб қилиш, молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва банклар ўртасидаги рақобатни кучайтиришга ёрдам беради. Бу ҳақда Тошкентдаги Беларусь-Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институти доценти Шуҳрат Бобохўжаев Sputnik Ўзбекистон мухбирига маълум қилди.
"Исломий банкинг бундай тизим азалдан амал қилиб келаётган мамлакатлардан қўшимча ресурсларни жалб қилиш имконини беради. Хорижий банклар Ўзбекистонда ўз филиалларини очиб, аҳоли ва тадбиркорларни молиялаштириши мумкин бўлади", — дея тушунтирди эксперт.
Анъанавий банк тизимидан фарқли равишда, исломий банкингда қарзлар бўйича фоиз олишга йўл қўйилмайди. Молиялаштириш қўшма лойиҳалар, шериклик ва фойдани тақсимлаш тамойиллари асосида амалга оширилади. Шунингдек, бундай банклар шариат меъёрларига зид соҳаларга, жумладан, қимор ўйинлари ва спиртли ичимликлар ишлаб чиқаришга сармоя киритмайди.
Бобохўжаевнинг фикрича, янги молиявий тизим нафақат мусулмонлар, балки бизнесини ривожлантириш учун маблағ жалб қилишнинг муқобил усулларини излаётган тадбиркорларда ҳам қизиқиш уйғотиши мумкин.
"Молиялаштириш манбалари қанчалик кўп бўлса, аҳоли ва бизнес учун имкониятлар шунчалик кенгаяди. Бу банк секторидаги рақобатни кучайтиради ҳамда туризм, хизмат кўрсатиш соҳаси, қишлоқ хўжалиги ва саноатнинг ривожланишига хизмат қилиши мумкин", — дея таъкидлади эксперт.
Унинг қўшимча қилишича, исломий банкингнинг ривожланиши Ўзбекистонга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини кўпайтириш ва янги корхоналар ташкил этишга ҳам туртки бериши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 23 октябрда Ўзбекистон Марказий банки "Open bank"ка исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи мамлакатдаги биринчи лицензияни тақдим этди.
Вход в центральный банк Республики Узбекистан - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 26.10.2026
Ўзбекистонда исломий банк фаолияти учун илк лицензия берилди
Янгиликлар лентаси
0