Вирусли контент қандай яратилади: ЎзДЖТУда SputnikPRO маҳорат дарси

Oбуна бўлиш
ЎзДЖТУдаги SputnikPRO маҳорат дарсида талабалар видеолар нима учун миллионлаб кўрилиши ва томошабин эътиборини сақлаш сирларини ўрганди.
ТОШКЕНТ, 22 окт — Sputnik. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида SputnikPRO лойиҳаси доирасида навбатдаги маҳорат дарси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Маҳорат дарсини "Россия сегодня" медиагуруҳининг медиалойиҳалар ва бизнес-контентни ривожлантириш бўйича мутахассиси Полина Голубева олиб борди.
Иштирокчилар ҳақиқий вирусли роликлар мисолида нима учун айрим видеолар миллионлаб марта кўрилиши, бошқалари эса томошабинлар эътиборидан четда қолишини таҳлил қилишди.
Нима учун томошабин нотаниш одамларнинг айрилиши ҳақидаги видеони охиригача кўради? Чиқиндихонада яшовчи кишилар ҳаёти ҳақидаги ҳикоянинг қайси жиҳати уни ўзига тортади? Нега блогер видеони мавзуни тушунтиришдан эмас, балки кутилмаган ёки баҳсли баёнотдан бошлайди?
Маълум бўлишича, бу саволларнинг жавоби ўйлаганимиздан кўра оддийроқ: томошабин эътибори ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Уни қизиқиш, зиддият, қўрқув, ҳайрат, фойда ёки воқеалар ривожини билиш истаги орқали жалб қилиш мумкин.
Бироқ видеонинг вирусли тарзда тарқалиши фақат кўришлар сони билан белгиланмайди.
"Вираллик — бу шунчаки оммалашиб кетган видео эмас. Вираллик эътиборни тортиш, уни сақлаш, ҳис-туйғулар, ҳаракатлар ва видеони улашишни ўз ичига олади", — дея таъкидлади маърузачи.
Маҳорат дарсида видеонинг дастлабки сониялари нима учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканига алоҳида эътибор қаратилди.
Ижтимоий тармоқлардаги чексиз видеолар тасмасида муаллифнинг мавзуга узоқ кириш қилишга деярли вақти йўқ. Томошабин кейинги видеога ўтиб кетмасидан аввал, нима учун айнан шу роликни кўришда давом этиши кераклигини англаб етиши лозим.
Шу боис хук — видеонинг илк сонияларида эътиборни тортадиган усул, визуал ечим, динамик монтаж ва жавоби кейинроқ очиладиган савол муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, миллионлаб кўришларга эришишнинг барчага бирдек мос келадиган тайёр формуласи мавжуд эмас.
"Ҳеч қандай ягона рецепт йўқ: доимо турли форматларни синаб кўриш, буларнинг барчасини маданият, долзарб мавзулар ва мусиқий трендлар билан уйғунлаштириш зарур", — деди Полина Голубева.
Келажакда медиа, PR ва коммуникациялар соҳасида ишлайдиган талабалар учун ушбу маҳорат дарси нафақат вирусли контент яратиш усуллари билан танишиш, балки видеоларга бир вақтнинг ўзида ҳам ижодкор, ҳам томошабин нуқтаи назаридан танқидий ёндашишни ўрганиш имконияти бўлди.
SputnikPRO

SputnikPRO - Sputnik ахборот агентлиги томонидан ташкил этилган медиа соҳасидаги халқаро маърифий лойиҳа. Бу журналистлар, матбуот котиблари, блогерлар ва олий таълим муассасаларининг тегишли йўналишлари бўйича юқори курс талабалари учун Россия ва хориждаги энг яхши медиа-менежерлар, экспертлар ҳамда агентликнинг етакчи мутахассислари томонидан ўтказиладиган семинарлар, маърузалар ва маҳорат дарсларининг ноёб тизимидир.

КенгайтиришЙиғиштириш
Модуль SputnikPRO: Виральный контент: почему одни видео пролистывают, а другие сохраняют и отправляют друзьям?  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 15.10.2026
Вирусли контент: нима учун баъзи видеолар кўп улашилади?
Янгиликлар лентаси
0