Янги Қарши, ичимлик суви, туризм ва йўллар: Қашқадарёда нималар ўзгаради?

© Пресс-служба президента УзбекистанаСовещание по социально-экономическому развитию Кашкадарьинской области
Совещание по социально-экономическому развитию Кашкадарьинской области - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.10.2026
Oбуна бўлиш
Қашқадарёда 500 минг кишилик Янги Қарши шаҳри қурилади. Вилоятда ичимлик суви, йўллар ва таълим бўйича режалар белгиланди.
ТОШКЕНТ, 22 окт — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган йиғилишда янги шаҳар қуриш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича вазифаларни белгилади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
500 минг аҳолига мўлжалланган Янги Қарши
Қашқадарёда янги уй-жойларга талаб ошиб бораётгани инобатга олиниб, Қарши шаҳри, Кўкдала ва Қарши тумани чегарасидаги 5 минг гектар майдонда Янги Қарши шаҳри барпо этилади. У 500 минг аҳолига мўлжалланади.
Шунингдек, Қарши туманидаги канал бўйида 235 гектарлик "Янги Насаф" экомажмуаси қурилиши бошланади.
Нуфузли архитектура компанияларини жалб қилган ҳолда икки ойда янги ҳудудларнинг бош режаси ишлаб чиқилади. Бунинг учун дастлаб 20 миллиард сўм ажратилади.
1,25 миллион аҳоли учун сув лойиҳалари
Йиғилишда ичимлик суви таъминоти вилоятнинг энг долзарб муаммоларидан бири экани таъкидланди.
Жорий йил ажратилган 1 триллион сўм ҳисобидан 747 километр сув ва канализация тармоғи ҳамда 43 та иншоот қурилишини икки ойда якунлаш топширилди. Натижада 200 минг аҳоли тоза ичимлик сувига эга бўлади.
Ҳисорак сув омборидан Қарши шаҳри, Қамаши, Ғузор ва Қарши туманига сув тармоғи тортилади. Лойиҳани бошлаш учун 100 миллиард сўм ажратилган, уни амалга оширишга яна 210 миллион доллар жалб қилинади. Бу орқали 350 минг аҳолини тоза сув билан таъминлаш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Нишон, Касби, Миришкор, Муборак ва Қарши туманидаги 700 минг аҳолининг сув таъминотини яхшилаш учун Толимаржон – Муборак сув тизими реконструкция қилинади.
Ушбу лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини 2027 йил 1 апрелгача якунлаш ва 150 миллион доллар жалб этиш белгиланди.
Шу тариқа, учта йирик йўналиш орқали жами 1 миллион 250 минг аҳолини қамраб олиш кўзда тутилмоқда.
Йўллар ва янги кўприклар
Осиё тараққиёт банки иштирокида А-380 автомобиль йўлининг Қашқадарёдан ўтувчи 100 километр қисми реконструкция қилинади. Лойиҳа қиймати 350 миллион доллар.
Қарши шаҳрининг айланма йўли яна 5,5 километрга узайтирилиб, мазкур магистралга уланади. Техник-иқтисодий асосларни йил якунигача тайёрлаш ва 2027 йил январидан қурилишни бошлаш топширилди.
Шунингдек, "Қарши – Помуқ" ва "Ғузор – Бейнау" йўлларидаги темир йўл кесишмаларида тирбандликларни камайтириш учун иккита замонавий йўл ўтказгич қурилади.
Янги электр станциялари
Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar компанияси 2027 йилда Қашқадарёда 300 мегаваттли қуёш электр станцияси ва 75 мегаваттли энергия сақлаш қувватини ишга туширишни режалаштирмоқда. Лойиҳа қиймати 250 миллион доллар.
Қарши туманида хитойлик ҳамкор иштирокида чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган 45 мегаваттли лойиҳа ҳам якунланмоқда.
Электр таъминотини яхшилаш учун Нишон ва Кўкдалада 70 миллион долларлик иккита йирик подстанция қурилади. Толимаржон – Сўғдиёна йўналишида эса 150 миллион доллар ҳисобидан 245 километр янги электр тармоғи барпо этилади. Ушбу ишлар 2027 йилда якунланиши белгиланди.
Мактаблар, техникумлар ва Германияда ишлаш имкониятлари
Президент Қарши шаҳридаги Илғор касбий маҳорат техникуми тажрибасини кенгайтириш вазифасини қўйди.
Мазкур техникумнинг 32 нафар устаси Германияда малака оширган. Улар ҳозир вилоятдаги 57 та техникум ўқитувчиларига ўз билимларини етказмоқда.
Ҳар йили 10–11-синфларнинг 2,5 минг нафар ўқувчиси бу ерда касб ўрганиб, мактаб аттестати билан бирга касбий сертификат ҳам олади. Германиялик ўқитувчилар эса йилига 1,5 минг ёшга немис тили ва касб ўргатмоқда.
Президентнинг маълум қилишича, техникумнинг дастлабки битирувчиларига Европада ойига 3–5 минг евро маош тўланадиган иш ўринлари таклиф этилмоқда.
Энди туманлардаги мактаб ўқувчиларини мазкур техникум ва янгича методика асосида ишлаётган 57 та таълим муассасасига жалб қилиш тартиби ишлаб чиқилади.
Шунингдек, 2027 йилдан Қашқадарёнинг барча туманларида биттадан мактабда аниқ фанларни хорижий тилда ўқитиш бошланади.
Йил якунигача ҳар бир туманда робототехника тўгараги очилади. Ҳар йили март ойида ўқувчилар ўртасида вилоят чемпионати ўтказилиб, биринчи ўрин учун 30 миллион, иккинчи ўрин учун 20 миллион ва учинчи ўрин учун 10 миллион сўм мукофот берилади.
Туризм: олтита қишлоқ ва 50 миллион доллар
Вилоятга йил бошидан 2,5 миллион сайёҳ ташриф буюрган. Биргина Ғелон қишлоғига келганлар сони 500 мингга етган.
Татаристон билан ҳамкорликда Ғелондаги тоғ-чанғи курортининг биринчи босқичини 2027 йилда ишга тушириш режалаштирилган.
Шунингдек, Чироқчидаги Тарағай, Китобдаги Башир ва Яккабоғдаги Татар қишлоқларини этнотуризм марказларига айлантириш, Шаҳрисабз туманидаги Сайёд ва Сувтушар қишлоқларида рафтинг ҳамда спорт туризмини ривожлантириш кўзда тутилмоқда.
Масъулларга ушбу олтита қишлоқ бўйича бир ойда мастер-режа тайёрлаб, 2027 йил 1 мартдан 50 миллион долларлик лойиҳаларни бошлаш топширилди.
Ҳар баҳор Ғузорда "Лола ва кабоб", Кўкдалада эса "Чиял яхна" гастрономик фестиваллари ўтказилади.
Қишлоқ хўжалиги ва маҳаллалар
Қашқадарё қишлоқ хўжалигида қўшимча 200 минг кишининг даромад топиш имкониятларини кенгайтириш вазифаси қўйилди.
Жаҳон банки билан ҳамкорликда Миср тажрибаси асосида саккизта тумандаги 100 минг гектар яйловда дронлар ёрдамида қурғоқчилик ва шўрга чидамли озуқа экинлари етиштириш бошланади.
Космик маълумотлар асосида вилоятда хўжалик фойдаланишига киритиш мумкин бўлган яна 30 минг гектар ер аниқланган. Шунингдек, ижарага берилган 22 минг гектар майдонда интенсив боғлар, иссиқхоналар ва юқори даромадли экинлар етиштириш белгиланди.
Мавжуд суғориш тизимини яхшилаш учун 2027 йилда 265 километр канал бетонлаштирилиб, 20 та насос янгиланади. Шу йили 75 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий этилади.
Қамаши туманидаги Чим маҳалласи тажрибаси ҳам кенгайтирилади. Бу ерда мактаб, боғча, поликлиника, ёшлар маркази ва спорт мажмуаси ташкил этилган бўлиб, маҳаллада камбағал оила ва ишсиз аҳоли қолмагани таъкидланди.
Президент 2027 йилги Мустақиллик байрамигача ҳар бир туманда ушбу тажриба асосида иккитадан замонавий маҳалла марказини ташкил этиш вазифасини қўйди.
Вилоятда кўкаламзорлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Ҳар йили Наврўз арафасида "Энг яшил маҳалла" танлови ўтказилиб, ғолибларга электромобиль ва бошқа қимматбаҳо совғалар топширилади.
Совещание по социально-экономическому развитию Кашкадарьинской области - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.10.2026
Қашқадарёда 20 млрд долларлик лойиҳалар ва 50 минг иш ўрни учун дастур тайёрланади
Янгиликлар лентаси
0