Европани норозилик намойишлари қамраб олди: аҳоли нимадан норози?

© REUTERS / Stelios MisinasАкции протеста студентов, преподавателей и врачей прошли по всей Греции
Акции протеста студентов, преподавателей и врачей прошли по всей Греции - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.10.2026
Oбуна бўлиш
Европанинг камида саккиз давлатида норозилик акциялари кузатилди. Айримларида намойишлар тўқнашувлар ва таъминот узилишларига олиб келди.
ТОШКЕНТ, 22 окт — Sputnik. Европанинг бир қатор давлатларида сўнгги кунларда оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Акцияларнинг асосий сабаблари орасида нарх-наво ошиши, уй-жой ва таълим муаммолари, шунингдек, ҳукуматлар сиёсатига норозилик бор.
Италияда озиқ-овқат таъминоти издан чиқди
Италия жанубида ёнилғи нархлари ошишига қарши юк машинаси ҳайдовчиларининг норозилик акциялари йўлларнинг тўсилишига ва маҳсулот етказиб беришда узилишларга сабаб бўлди.
Айрим супермаркетларда пештахталар бўшаб қолди, ёнилғи қуйиш шохобчалари ва корхоналар фаолиятида қийинчиликлар юзага келди. 22 октябрь куни ҳукумат билан музокаралардан сўнг айрим ҳудудларда йўл тўсиқлари олиб ташлана бошланди.
Бундан ташқари, 17 октябрь куни Милан, Турин ва Болонья шаҳарларидаги намойишлар полиция билан тўқнашувларга айланган эди.
Францияда янги намойишларга тайёргарлик кетмоқда
Францияда 17 октябрь куни яшаш харажатларининг ошиши ва давлат хизматлари билан боғлиқ муаммоларга қарши ўтказилган намойишлар айрим шаҳарларда тартибсизликларга айланди.
22 октябрда президент Эммануэль Макрон зўравонликларнинг такрорланишига йўл қўймаслик учун айрим акцияларга нисбатан чекловларни кучайтириш чораларини маълум қилди.
Шу билан бирга, талабалар ташкилотлари ва "сариқ нимчалилар" ҳаракати 24 октябрда янги намойишлар ўтказишни режалаштирмоқда. Касаба уюшмалари эса 5 ноябрга умумий иш ташлаш эълон қилган.
Грецияда минглаб талаба ва ўқитувчилар кўчага чиқди
21 октябрь куни Афинада тахминан 10 минг киши таълим тизимига кўпроқ маблағ ажратиш, ўқитувчилар маошини ошириш ва талабалар учун арзон турар жойлар яратиш талаблари билан намойиш ўтказди.
Акциялар Салоники, Патрас ва бошқа шаҳарларда ҳам бўлиб ўтди. Айрим иштирокчилар Франция ва Испаниядаги намойишчиларга ҳамжиҳатлик билдирди.
Испания ва Португалияда уй-жой муаммоси
Испанияда уй-жой нархлари ва ижара ҳақининг қимматлашишига қарши норозиликлар бир неча ҳафтадан буён давом этмоқда. Мадрид марказида намойишчилар чодирли лагер ташкил этган.
Португалияда ҳам уй-жой масаласи асосий талаблардан бирига айланган. 17 октябрда Лиссабон ва бошқа шаҳарларда ўтказилган акцияларда иштирокчилар иш ҳақи ва пенсияларни оширишни талаб қилди.
Бельгия ва Албанияда ҳам тартибсизликлар кузатилди
Бельгияда талабалар ва касаба уюшмалари таълим соҳасидаги шароитлар ҳамда бюджет харажатларини қисқартиришга қарши акциялар ўтказмоқда.
17 октябрь куни Брюссель ва Леж шаҳарларидаги намойишлар пайтида полиция билан тўқнашувлар юз берди. Қарийб 200 киши қўлга олинди.
Албанияда эса намойишчилар ҳукуматдаги коррупцияга оид айбловлар ва ижтимоий муаммоларни кўтариб, бош вазир Эди Раманинг истеъфосини талаб қилмоқда.
19 октябрь куни Рама норозилик иштирокчиларини зўравонликдан воз кечиш ва ҳукумат билан мулоқот ўтказишга чақирди.
Словакияда ҳукуматга қарши намойиш ўтказилди
17 октябрь куни Братиславада мухолифат партиялари бош вазир Роберт Фицо ҳукумати сиёсатига қарши намойиш ташкил этди.
Акция иштирокчилари ҳукумат фаолиятини танқид қилди. Бу намойиш бошқа Европа давлатларидаги ижтимоий-иқтисодий акциялардан фарқли равишда, асосан ички сиёсий талаблар билан боғлиқ бўлди.
Массовые беспорядки во Франции - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 19.10.2026
Францияда оммавий тартибсизликлар: 2400 киши қўлга олинди
Европадаги норозиликлар ягона марказдан бошқарилаётган ҳаракат эмас. Бироқ турли мамлакатлардаги намойишларни яшаш харажатларининг ошиши, давлат хизматлари сифати ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга оид талаблари бирлаштириб турибди.
Янгиликлар лентаси
0