Алифбо, сунъий интеллект ва тушунарли ҳужжатлар: ўзбек тили қандай ривожланади?

© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Президент ўзбек тилини таълим, илм-фан ва рақамли муҳитда ривожлантириш вазифаларини айтди. Алифбо ҳақидаги қонун ҳам имзоланди.
ТОШКЕНТ, 21 окт — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон халқини табриклаб, давлат тилини ривожлантиришнинг устувор йўналишларига тўхталди.
Давлат раҳбари таълим сифатини ошириш, расмий ҳужжатларни соддалаштириш, ўзбек тилидаги илмий адабиётлар ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Президент ўз табригида қуйидаги йўналишларга алоҳида эътибор қаратди:
Таълим ва дарсликлар. Ўқувчиларнинг ўқиш, тушуниш, равон гапириш ва саводли ёзиш кўникмаларини ривожлантириш. Дарсликларни янгилашда ўзбек тилини она тили ёки давлат тили сифатида ўрганаётган болаларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олиш.
Тушунарли давлат ҳужжатлари. Қонунлар, қарорлар, йўриқномалар ва мурожаатларга жавобларни содда, аниқ ва равон тилда ёзиш. Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини ортиқча қийинчиликсиз тушуниши керак.
Илм-фан ва атамалар. Тиббиёт, муҳандислик, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда ўзбек тилидаги ишончли адабиётлар, сифатли таржималар ва электрон ресурсларни кўпайтириш. Илмий атамаларни тушунарли қилиш ва луғатларни мунтазам янгилаш.
Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар. Ўзбек тилидаги электрон луғатлар, таржима ва таҳрир дастурларини ривожлантириш. Нутқни матнга, матнни овозга айлантирадиган технологияларни такомиллаштириш.
Халқаро ҳамкорлик ва таржима. Хорижда ўзбек тилини ўрганувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларни адабиётлар ва таълим ресурслари билан таъминлаш. Президент бу борада Оксфорд университетидаги "Ўзбекшунослик дастури"ни ҳам тилга олди.
Тиллар хилма-хиллиги. Ўзбек тилини ўрганиш учун қулай шароитлар яратиш билан бирга қорақалпоқ тили ва мамлакатдаги бошқа тилларнинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш.
Президент айниқса давлат идораларининг тилга муносабатига эътибор қаратди.
"Давлат тилига ҳурмат давлат хизматининг сифатида ҳам кўриниши керак", — дейилади табрикда.
Шунингдек, сунъий интеллект воситаларининг ўзбек тилида қанчалик аниқ ва фойдали ишлаши уларнинг сифатини баҳолашда асосий мезон бўлиши таъкидланди.
Ўзбек алифбосида ҳам ўзгаришлар бўлади
Айни Ўзбек тили байрами кунида президент лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш тўғрисидаги қонунни имзолади.
Унга кўра, тўртта ҳарфнинг ёзилиши ўзгаради:
O‘ o‘ → Ö ö;
G‘ g‘ → Ğ ğ;
Sh sh → Ş ş;
Ch ch → Ç ç.
Шунингдек, Ng алифбодан мустақил ҳарф сифатида чиқарилади. Янги алифбо 28 та ҳарф ва битта тутуқ белгисидан иборат бўлади.
Қонун расмий эълон қилинганидан олти ой ўтиб кучга киради. Аввалги алифбода расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозлар ўз кучини сақлаб қолади. Дарсликлар, пешлавҳалар ва кўрсаткичлар эса босқичма-босқич алмаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган. 2019 йилдан ушбу сана мамлакатда Ўзбек тили байрами сифатида нишонланмоқда.
