Курорт, Nestle учун маҳсулот, чиқиндидан электр: Қашқадарёда $6 миллиардлик лойиҳалар

© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Қашқадарёда 6 млрд доллардан ортиқ 161 лойиҳа тақдим этилди. Улар орасида Россия иштирокидаги 300 млн долларлик тоғ-чанғи курорти ҳам бор.
ТОШКЕНТ, 21 окт — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида умумий қиймати 6 млрд доллардан зиёд бўлган 161 та лойиҳани ишга тушириш ва қурилишини бошлаш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, 69 та лойиҳани ишга туширди ва яна 92 тасининг қурилишига старт берди.
Йирик лойиҳалардан бири Шаҳрисабз туманида россиялик инвесторлар билан амалга оширилади. Умумий қиймати 300 млн долларлик мажмуа дор йўли, меҳмонхона ва тоғ-чанғи курортини ўз ичига олади.
Бошқа йирик лойиҳалар:
Саноат: 7 мингга яқин доимий иш ўрни яратиладиган 28 та корхона ишга туширилмоқда. Италиянинг Cotonella бренди йилига 8,5 млн дона тайёр трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда.
Тўқимачилик: Косон, Миришкор ва Касби туманларида яна 14 та лойиҳа бошланмоқда. Улар ҳисобидан 18 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Озиқ-овқат саноати: АҚШлик ҳамкорлар иштирокидаги Wosune Food Ingredients Karshi корхонаси 3,5 минг гектарда етиштириладиган 100 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлайди. Nestle ва Purina каби халқаро брендлар учун 40 млн долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.
Қишлоқ хўжалиги: Миср ва Покистон инвесторлари Нишон ва Ғузор туманларида 24 минг гектар ерни ўзлаштириб, картошкачилик ва чорвачилик лойиҳаларини бошламоқда.
Гидроэнергетика: Оқсув дарёсида умумий қуввати 24 МВт бўлган учта ГЭС ишга туширилди. Китоб, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларида эса жами 58 МВт қувватга эга тўққизта микроГЭС қурилади.
Чиқиндидан электр энергияси: Қарши туманида Хитойнинг Shanghai SUS компанияси иштирокида 150 млн долларлик завод йил якунига қадар ишга туширилиши режалаштирилган.
Тоғ-кон саноати: Китоб туманида Озарбайжон билан ҳамкорликда олтин қазиб олиш лойиҳаси бошланмоқда.
