Сурхондарё вилояти пахта режасини бажарди

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Республика бўйича ҳозирга қадар жами 3,4 миллион тонна пахта хом-ашёси ёки режадаги кўрсаткичнинг 76 фоизи йиғиб олинди.
ТОШКЕНТ, 16 окт — Sputnik. Сурхондарё вилояти Ўзбекистонда биринчибўлиб пахта терими режасини бажарди. 2026 йил 12 октябрь ҳолатига кўра, вилоятда 330,3 минг тонна пахта хом-ашёси йиғиб олиниб, режа 101 фоизга бажарилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Дилшод Назиров Sputnik мухбирига маълум қилди.
Мамлакат бўйича, ҳозирга қадар жами 3,4 миллион тонна пахта хомашёси йиғиб олинди. Бу фермер хўжаликлари ва кластерлар учун белгиланган 4,5 миллион тоннали шартномавий кўрсаткичнинг 76 фоизини ташкил этади.
Режа бажарилиши бўйича иккинчи ўринда Хоразм вилояти 96,9 фоиз (350,8 минг тонна), учинчи ўринда эса Сирдарё вилояти 89,3 фоиз (348,3 минг тонна) кўрсаткич билан бормоқда.
Йиғиб олинган ҳосилнинг 848 минг тоннаси қўл терими орқали, 2,6 миллион тоннаси эса пахта териш машиналари ёрдамида йиғиб олинди. Шундай қилиб, жами ҳосилнинг қарийб 75 фоизи механизациялашган терим ҳиссасига тўғри келмоқда.
Айни пайтда терим жараёнларига қарийб 3 мингта юқори унумли пахта териш машинаси жалб этилган. Жорий йилда фермер хўжаликлари ва агрокластерларга лизинг асосида 1 мингдан ортиқ замонавий пахта териш машинаси етказиб берилган.
12 октябрь куни пахта териш машиналари ёрдамида 147 минг тонна пахта хомашёси териб олинди. Бир кунда битта машинага ўртача 50 тоннадан ҳосил тўғри келди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, ҳудудларда режа бажарилиши кўрсаткичлари экин майдонлари, иқлим шароитлари ва бошқа омилларга боғлиқ. Шу сабабли ушбу кўрсаткичлар ҳудудлардаги иш самарадорлигини бевосита акс эттирмайди.
Янгиликлар лентаси
0