Ўзбекистонда қарийб 17 500 та кибержиноят фош этилди

© SputnikАйтишник за компьютером
Айтишник за компьютером  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 13.10.2026
Oбуна бўлиш
Кибермаконда тақиқланган материалларни 1 011 киши жиноий жавобгарликка тортилди.
ТОШКЕНТ, 13 окт – Sputnik. Ўзбекистонда жорий йилда жами 17 483 та кибержиноят фош этилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
ИИВда киберхавфсизликни таъминлаш, кибержиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда бу борада белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган тезкор йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов раҳбарлигида вазир ўринбосарлари ҳамда соҳавий хизматларнинг масъуллари иштирок этди.
Маълум қилинишича, Марказий банк билан ҳамкорликда яратилган махсус тизим орқали банк картасидан ўзлаштирилган пулларни тўхтатиш (блоклаш) механизми йўлга қўйилгани натижасида жорий йилнинг 9 ой давомида 77 млрд 344 млн сўмнинг ноқонуний четга чиқиб кетишининг олди олинди ҳамда 43 001 та жиноятга алоқадор банк карталари блокланди.
“Жорий йилда жами 17 483 та кибержиноят фош этилди, 5 600 та жиноят ташаббус асосида аниқланди ва 19 минг нафардан ортиқ фуқарога етказилган 209 млрд 934 млн сўмдан зиёд моддий зарар қайтарилди”, - дейилган хабарда.
Фуқароларнинг банк ҳисоб варақларидан маблағларни ноқонуний ечиб олишга йўналтирилган 38 мингдан ортиқ “фишинг” зарарли дастурлари тўхтатилиб, 668 минг нафардан ортиқ фуқаронинг қурилмалари ҳамда пул маблағлари талон-торождан ҳимояланди.
Қайд этилишича, интернет мониторинги натижасида 6 771 та маълумот ўрганилиб, 3 192 та хавфли ресурс блокланди, 1 446 та фирибгарликка ундовчи зарарли ҳаволалар фаолиятига чек қўйилди. Кибермаконда тақиқланган материалларни тарқатган 335 нафар шахс маъмурий ва 1 011 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди.
“APK Qo'riqchi” платформасини амалиётга кенг жорий этиш, унинг имкониятларидан самарали фойдаланиш ва аҳоли ўртасида киберхавфсизлик бўйича тарғибот ишларини мақсадли амалга ошириш, аҳолининг фирибгарлик усуллари ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш қоидалари ҳақида хабардор қилиш ва профилактик ишларини самарадорлигини ошириш талаб қилинди.
Тошкент шаҳри, Тошкент, Андижон, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида киберхавфсизликни таъминлаш борасидаги ишлар талаб даражасида ташкил этилмагани танқид қилинди. Ҳудудларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашдаги камчиликларни бартараф этиш, масъул раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш ҳамда профилактик тадбирлар самарадорлигини кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Якунда мутасаддиларга кибержиноятчиликнинг олдини олиш борасида замонавий ахборот платформаларини амалиётга кенг жорий этиш ва аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш ҳамда амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлигини мунтазам таҳлил қилиб бориш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Узбекистан запустил новую стратегию кибербезопасности - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 18.03.2026
Матбуот маркази
Сунъий интеллект ҳужуми ва дипфейкдан ҳимоя: Ўзбекистоннинг янги киберстратегияси - видео
Янгиликлар лентаси
0