ЕОИИда сифат назорати ва контрафактдан ҳимоя қилиш тизими модернизация қилинмоқда

© Пресс-служба ЕЭК
Oбуна бўлиш
Гап бозорни мувофиқликни баҳолаш тўғрисидаги ишончсиз ҳужжатларга эга контрафакт маҳсулотлардан ҳимоя қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни тайёрлаш ҳақида бормоқда.
ТОШКЕНТ, 13 окт – Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) сифат назорати ва контрафактдан ҳимоя қилиш тизимини модернизация қилишни Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) техник жиҳатдан тартибга солиш вазири Александр Субботин ва Росаккредитация раҳбари Дмитрий Вольвач муҳокама қилди.
“Бизнинг вазифамиз – хавфли ёки меъёрларга жавоб бермайдиган товарни муомалага чиқариш деярли имконсиз бўладиган тизим яратиш”, - деди Субботин учрашувда.
Бозор иштирокчилари томонидан юзага келиши мумкин бўлган қоидабузарликларга тезкор жавоб бериш учун ЕИК бўлажак ўзгаришларни икки блокка бўлишни таклиф қилмоқда.
Биринчиси ЕОИИ интеграциялашган ахборот тизими механизмлари ишга туширилгунга қадар амалга оширилиши мумкин бўлган чора-тадбирларни ўз ичига олади.
Таклиф қилинмоқда:
ваколатли органлар ҳамкорлигининг вақтинчалик тартибини белгилаш;
ҳужжатлар алмашиш ва шикоятларни кўриб чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш;
ягона реестрлардаги маълумотларнинг ишончлилигини ошириш.
Бу иттифоқ давлатларининг сертификатлаштириш органлари ва синов лабораториялари ишидаги қоидабузарликларни тезкор аниқлаш имконини беради.
Ушбу блокда 2018 йилдан бери амалда бўлган ЕОИИ давлатларининг аккредитация органлари раҳбарлари кенгаши тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилган.
Кенгашга миллий идоралар ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал қилиш учун мажбурий маслаҳатлашувлар ўтказиш, бундай учрашувлар тартибини тасдиқлаш ва уларнинг материалларини комиссияга юбориш ваколатини бериш режалаштирилган.
Бу механизм низоли вазиятларни профессионал кўриб чиқишни тезлаштиради ва назорат қилувчи органлар ҳаракатларининг уйғунлигини таъминлайди.
Иккинчи блок қуйидагиларни назарда тутади:
ҳуқуқий тартибга солишда узоқ муддатли ўзгаришлар;
аккредитация органлари ва давлат назорати органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш соҳасидаги тартибга солишни тизимлаштириш;
синов баённомаларини ҳисобга олишни ҳуқуқий тартибга солиш;
жавобгарлик тўғрисидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш.
“Харидор қадоқдаги ЕОИИ сертификати белгиси товарнинг ҳақиқий сифатига мос келишига ва бозоримизда рақобат ҳалол олиб борилаётганига ишонч ҳосил қилиши керак”, - деди Субботин.
Маслаҳатлашувлар ва зарур тартиб-таомиллардан ўтгандан сўнг чора-тадбирлар мажмуаси Евроосиё ҳукуматлараро кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади.
ЕОИИ
Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) - 2015 йил 1 январдан фаолият юритиб келаётган халқаро иқтисодий бирлашма. Иттифоққа ҳозир Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзодир. Ўзбекистон 2020 йилда ЕОИИда кузатувчи мақомини олди. Куба, Эрон ҳам кузатувчи мақомига эга.

