Ўзбекистон биринчи АЭСга қандай келди: тақиқланган мавзу ва ноёб лойиҳа

© Sputnik / Бахром ХатамовМакет будущей атомной электростанции (АЭС)
Макет будущей атомной электростанции (АЭС) - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 04.10.2026
Oбуна бўлиш
Илҳом Содиқовга кўра, мамлакатда АЭС учун 1980-йилларда 70 га яқин майдон кўрилган, кейин мавзу ёпилган, 2017 йилдан эса атом энергетикасига қайтилган.
ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Ўзбекистонда атом электр станцияси қуриш ғояси ҳали 1980-йилларда жиддий муҳокама қилинган, кейин эса бу мавзу узоқ йилларга кун тартибидан чиқарилган. Бу ҳақда Фанлар академияси Ядро физикаси институти директори, академик Илҳом Содиқов "Вестник атома" нашрига берган интервьюсида сўзлаб берди.
Унинг айтишича, совет даврида Ўзбекистонда АЭС қурилиши учун қарийб 70 та эҳтимолий майдон танланган ва режалар анча жиддий бўлган. СССР парчалангач, лойиҳа унутилган.
2001 йилда Ядро физикаси институти ташаббуси билан АЭС қурилиши бўйича йирик илмий семинар ўтказилган. Унда Ўзбекистоннинг Сейсмология институти, сув хўжалиги соҳаси ва россиялик мутахассислар ҳам иштирок этган.
Бироқ, Содиқовнинг сўзларига кўра, ўша пайтда мамлакат раҳбарияти атом энергетикасига салбий муносабатда бўлган.
"Бизга бу мавзуни бошқа кўтармасликни айтишганди. Шундан кейин институтнинг ҳеч бир режасида атом энергетикаси тилга ҳам олинмаган", — деди у.
Вазият 2017 йилда ўзгарди. Шавкат Мирзиёев мамлакатда атом энергетикасини ривожлантириш тўғрисида қарор қабул қилинганини эълон қилди. Шундан сўнг институт АЭС учун майдон танлаш, дастлабки ҳужжатларни тайёрлаш, экологик ва радиацион мониторинг ишларида иштирок эта бошлади.
Ҳозирги лойиҳа битта майдонда катта ва кичик қувватли реакторларни бирлаштиради: иккита ВВЭР-1000 ва иккита РИТМ-200Н энергоблоки қурилиши режалаштирилган. Содиқовнинг таъкидлашича, бундай ёндашув аввал дунёда қўлланмаган.
Интервьюда сейсмик хавфсизлик масаласига ҳам алоҳида тўхталилди. 2000-йилларда Ўзбекистоннинг сейсмик фаол ҳудуд экани АЭС қурилишига қарши асослардан бири сифатида кўрсатилган.
Содиқов эса буни ўша даврдаги муносабат билан боғлади.
"Сейсмиклик ўша пайтда шунчаки расмий баҳона сифатида ишлатилган", — деди у.
Олимнинг сўзларига кўра, минтақанинг сейсмик ҳолати ўшандан бери ўзгармаган, аммо замонавий реакторлар юқори сейсмик фаол ҳудудларда ҳам қурилмоқда. У Бангладеш ва Туркия мисолини келтириб, станциялар катта мустаҳкамлик захираси билан лойиҳаланишини таъкидлади.
Содиқов Жиззах вилояти аҳолиси билан учрашувларда ҳам асосий масала хавфсизлик эканини доим таъкидлашини айтди.
"Атом станцияси учун биринчиси — хавфсизлик, иккинчиси — яна хавфсизлик, учинчиси ва тўртинчиси ҳам хавфсизлик. Фақат шундан кейингина иқтисодий ва техник масалалар туради", — деди у.
Унинг фикрича, АЭС ишга тушиши Ўзбекистонда энергия тақчиллигини камайтириш билан бирга металлургия, кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа юқори технологияли тармоқларни ҳам ривожлантириши мумкин.
Содиқов келажакда Ўзбекистон ҳозир импорт қилаётган электр энергиясини ҳатто экспорт қилиш имкониятига эга бўлиши мумкинлигини ҳам истисно этмади.
В Фарише строится атомный городок на 30 тысяч жителей - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 28.09.2026
Форишда 30 минг аҳолига мўлжалланган атом шаҳарчаси қурилмоқда: 45 фоиз ҳудуди яшил бўлади
Янгиликлар лентаси
0