Педофиллар энди умрбод қамалиши мумкин: Сенат тегишли қонунни маъқуллади

© Сенат Олий МажлисаЗаседание Сената, архивное фото
Заседание Сената, архивное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 02.10.2026
Oбуна бўлиш
Қонун 14 ёшгача бўлган болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш ва бошқа ўзгаришларни назарда тутади.
ТОШКЕНТ, 2 окт – Sputnik.Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишни кучайтириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.
Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Жиноят-ижроия ва Меҳнат кодексига ҳамда бир қатор қонунларга принципиал ва қатъий ўзгартиришлар киритилмоқда.
Хусусан, 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахслар учун узоқ муддатга – 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилмоқда.
Ушбу тоифадаги жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этиш муддати ўтиб кетганлиги қўлланилмайди. Шунингдек, боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан жиноят содир этган шахсга нисбатан шартли ҳукм қилиш ва муддатидан илгари шартли озод қилиш тақиқланади.
Суд ва тергов жараёнларида болаларни қайта руҳий жароҳатланишдан ҳимоя қилиш мақсадида зўравонликдан жабрланган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзув орқали қайд этиш, жабрланувчи бола ва айбланувчи ўртасидаги юзлаштиришни фақат суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг қарори ёхуд суднинг ажрими билан ўтказиш ҳамда болага процессуал жараён бошиданоқ давлат ҳисобидан бепул адвокат ажратиш тизими йўлга қўйилмоқда.
Шунингдек, таълим ва тарбия муассасалари ходимлари томонидан болага нисбатан зўравонлик содир этилганда, улар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси киритилмоқда.
Қолаверса, ота-оналарнинг болаларга ғамхўрлик кўрсатмаслиги, шаҳвоний шилқимлик, никоҳ ёшини бузиш ҳамда болаларни соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилмаганлик учун маъмурий жазолар кескин кучайтирилмоқда.
Сенаторлар ушбу қонун жамиятда болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига чек қўйишга, содир этилган қилмиш учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга ҳамда ҳар бир боланинг хавфсиз ва адолатли муҳитда камол топишига хизмат қилишини алоҳида қайд этди.
Саида Мирзиёева - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.09.2026
Саида Мирзиёева Намангандаги фожиадан сўнг ўлим жазоси ҳақида фикр билдирди
Янгиликлар лентаси
0