Педагогларга устама ва имтиёзлар: мактаб ва боғчаларда нималар ўзгаради

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев провёл встречу с преподавателями и наставниками
Шавкат Мирзиёев провёл встречу с преподавателями и наставниками - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.09.2026
Oбуна бўлиш
Ўзбекистонда ўқитувчиларга янги устама ва мукофотлар берилади, мактабларда дарс ўтиш тартиби ўзгаради, айрим оилаларга мактаб ва боғча тўловлари бўйича имтиёзлар жорий этилади.
ТОШКЕНТ, 30 сен — Sputnik. Ўзбекистонда мактаб ва боғчаларда таълимни ташкил этиш тартиби ўзгаради, педагоглар учун янги устама ва мукофотлар жорий этилади, айрим оилалар эса хусусий мактаб ва боғча харажатлари бўйича имтиёзларга эга бўлади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида устоз ва мураббийлар билан учрашувда маълум қилди.
Аниқ ва табиий фанлар гуруҳларга бўлиб ўқитилади
Математика, физика, кимё ва биология фанларида синфда 25 нафардан ортиқ ўқувчи бўлса, дарслар икки гуруҳга бўлиб ўтилади.
Ушбу фанлар ўқитувчиларини рағбатлантиришнинг янги тизими ҳам жорий этилади. Миллий сертификатга эга педагогларга 50 фоиз устама тўланади. Ҳар йили 208 та туман ва шаҳарнинг лидер ўқитувчиларига 30 миллион сўмдан мукофот берилади, яна минг нафар ўқитувчи хорижда стажировка ўтайди.
Камида 15 йиллик стажга эга педагогларнинг фарзандларига олийгоҳ контракти учун фоизсиз кредит ажратилади. Хорижий ва миллий сертификат олган ўқитувчиларнинг имтиҳон харажатлари тўлиқ қопланади.
Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино ва Менделеев номидаги халқаро ва минтақавий олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган педагоглар тўғридан-тўғри олий малака тоифасига эга бўлади.
4-синфдан олимпиада ва 100 миллион сўмгача мукофот
Бошланғич синф ўқувчилари учун ҳам фан олимпиадалари йўлга қўйилади.
Келаси йилдан 4-синфлар олимпиадасининг туман босқичида ғолиб чиққан болалар компьютер олади. Уларни тайёрлаган ўқитувчиларга туман босқичидаги ғолиб учун 10 миллион, вилоят босқичи учун 50 миллион, республика босқичи учун 100 миллион сўм мукофот берилади.
Янги ўқув йилидан 100 та мактабнинг биттадан синфида математика, информатика ва табиий фанлар тўлиқ инглиз тилида ўқитилади. Лойиҳага жалб қилинган ўқитувчилар ва мактабга тайёрлов гуруҳи педагогларига 100 фоиз устама тўланади.
Мактаблар учун "сифат индекси"
Ўрта таълимда "сифат индекси" жорий этилади. Мактаблар педагогик жамоа салоҳияти, ўқувчиларнинг таълим ва тарбиядаги натижаларига қараб тоифаларга ажратилади.
Илғор мактаб бошқа мактабга ўз тажрибасини ўргатиб, уни юқори тоифага олиб чиқса, ушбу мактаб педагогик жамоасига 30 фоиз устама берилади.
Ўқитувчи малака ошириш жойини ўзи танлайди
Педагогларни пойтахт ёки вилоят марказига бориб, бир ойлик мажбурий курсда ўқитиш амалиёти бекор қилинади. Унинг ўрнига касбий ривожланиш ваучерлари жорий этилади.
Муаллим тоифа синовидаги натижасига қараб 18 соатдан 72 соатгача таълим олади ва курс ҳамда малака ошириш жойини ўзи танлайди.
Хусусий мактаблар учун кредит ва субсидиялар
Жорий йил биринчи синфга 800 минг бола қабул қилинди. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 1 миллионга етиши кутилмоқда. Шу муносабат билан ўқув юкламаси юқори бўлган 52 та туманда хусусий мактаблар очиш рағбатлантирилади.
Бундай ҳудудларда хусусий мактаб ташкил этиш учун 7 йилга 10 фоизли имтиёзли кредит берилади. Мактабни очиш ва жиҳозлаш харажатининг 15 фоизигача, аммо кўпи билан 1,5 миллиард сўм субсидия ажратилади.
Барча туманларда бўш давлат бинолари хусусий мактаб очиш учун 10 йилга бепул ижарага берилади. Биносини мактабга ижарага берган мулкдорларга ер ва мол-мулк солиғи бўйича имтиёз берилади, халқаро аккредитациядан ўтиш харажатининг ярми қопланади.
Фарзанди хусусий мактабда ўқийдиган ота-оналар учун солиқ солинмайдиган даромад чегараси ойига 3 миллиондан 6 миллион сўмга оширилади. Ҳисоб-китобларга кўра, бу оилаларга йилига 6-7 миллион сўм тежаш имконини беради. Солиқ органлари тўловларни ҳар ой якунида автоматик қайтариши режалаштирилган.
Инклюзив мактаблар барча ҳудудларда очилади
Сўнгги икки йилда инклюзив муҳит яратилган мактаблар сони 729 тадан 3 минг 591 тага етган.
Яқинда Тошкентда кўриш, эшитиш ёки ҳаракатланишида нуқсони бўлган ҳамда ривожланишда қўшимча ёрдамга муҳтож болалар бошқа ўқувчилар билан бир муҳитда таълим оладиган кўп функционал инклюзив ресурс мактаби иш бошлади.
Йил охиригача шундай мактаблар Хоразм, Жиззах ва Самарқандда, келгуси икки йилда эса барча ҳудудларда очилиши режалаштирилган.
Ишли оналарнинг оилавий боғча пули бюджетдан қопланади
Келаси йил 1 январдан 2-3 ёшли фарзандини оилавий боғчага берган ишли оналарнинг бадал пули бюджет ҳисобидан қопланади.
Боғчалар учун Италия, Буюк Британия, Германия, Сингапур ва Хитой тажрибаси асосида янги дастур ишлаб чиқилган. Ўйин орқали таълим бериш тизими ҳозир боғчаларнинг 30 фоизида қўлланмоқда, йил охиригача эса 38 мингдан ортиқ боғчанинг барчасига жорий этилиши режалаштирилган.
Ҳар йили 50 нафар илғор тарбиячи хорижда стажировка ўтайди. Уч йил давомида давлат боғчалари электрон доска, компьютер ва рангли принтерлар билан жиҳозланади.
Боғча тарбиячилари учун яна бир ўзгариш — келаси ўқув йилидан педагогика олийгоҳларида уларнинг ўқиш муддати тўрт йилдан уч йилга қисқаради. Боғчада камида беш йил ишлаган тарбиячи ёрдамчилари ҳам ушбу имкониятдан фойдаланиши мумкин.
Шавкат Мирзиёев подписывает документы. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 29.09.2026
Мирзиёев 109 нафар ўқитувчи ва таълим соҳаси вакилини мукофотлади
Янгиликлар лентаси
0