Талабалар, устозлар, ректорлар ва хусусий олийгоҳлар учун имтиёзлар: нималар ўзгаради

© Sputnik / Рамиль Ситдиков / Медиабанкка ўтишСтуденты биологического факультета Московского государственного университета им. М.В. Ломоносова во время лекции
Студенты биологического факультета Московского государственного университета им. М.В. Ломоносова во время лекции - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.09.2026
Oбуна бўлиш
Ўзбекистонда иш берувчи буюртмаси асосида олийгоҳга тестсиз қабул қилиш, талаба маошининг ярмини давлат ҳисобидан қоплаш тизими жорий этилади.
ТОШКЕНТ, 30 сен — Sputnik. Ўзбекистонда иш берувчи ўзига керак кадрни тайёрлаш учун олийгоҳга буюртма бериши, номзод эса тестсиз, суҳбат асосида қабул қилиниши мумкин бўлган янги дуал таълим тизими жорий этилади.
Президент Шавкат Мирзиёев олий таълим тизимида режалаштирилаётган ўзгаришлар, дуал таълимни кенгайтириш ва хорижий университетлар филиалларини жалб қилиш бўйича янги чораларни маълум қилди.
Келаси йилдан "корхона – олийгоҳ – мақсадли кадр" тизими 75 та олий таълим муассасасида, 2028 йилдан эса барча олийгоҳларда амал қилиши режалаштирилган.
Олийгоҳ ва корхоналар ҳамкорлигида дуал таълимни кенгайтириш бўйича тайёргарлик аввалдан олиб борилмоқда. Хусусан, 2027/2028 ўқув йилида 75 та олийгоҳ ва 3,5 мингта корхонани жалб қилиш режаси белгиланган.
Янги тизимда иш берувчи ўзига зарур номзодни ўқитиш учун олийгоҳга буюртма беради. Номзод тест имтиҳонисиз, суҳбат асосида қабул қилинади.
Ишга қабул қилинган талабага корхона тўлайдиган иш ҳақининг ярмини давлат қоплайди. Ўқиш ва ишда юқори натижа кўрсатган талабалар иккинчи курсдан давлат грантига ўтиши мумкин.
Корхона томонидан талабага бириктирилган устозга олийгоҳ педагоглари маошига тенг миқдорда қўшимча ҳақ тўланади. Корхона олийгоҳ ёки талабанинг яшаш жойидан узоқда бўлса, ижара харажати ҳам қопланади.
Ректорлар олийгоҳларда дуал таълим бўлимларини ташкил этади. Тизимни энг яхши йўлга қўйган учта олийгоҳ ва уларнинг ҳамкор корхоналари 1 миллиарддан 3 миллиард сўмгача мукофотланади. Олийгоҳ олган маблағнинг ярми ушбу йўналишга ҳисса қўшган педагогларни рағбатлантиришга сарфланади.
Бугун Ўзбекистонда 32 та хорижий олий таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Энди асосий эътибор дунёнинг энг кучли 300 та университети филиалларини мамлакатга жалб қилишга қаратилади.
Нуфузли университетлар франшизасини олиб келган хусусий олийгоҳларга бир қатор молиявий имтиёзлар берилади. Жумладан:
— лаборатория ва жиҳозлар ҳамда бренд учун тўловнинг 50 фоизигача қисми қопланади;
— кампус қуриш харажатининг 30 фоизигача компенсация қилинади;
— сармоя қайтишини таъминлаш учун давлат гранти ўринлари ажратилади.
Муҳандислик, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, сунъий интеллект ва тиббиёт каби иқтисодиёт учун муҳим йўналишларга устуворлик берилади.
Олийгоҳларни бошқариш тизими ҳам ўзгаради. Давлат университетлари кузатув кенгашлари аъзоларининг учдан икки қисми хусусий сектор ва хорижий олийгоҳлар вакилларидан иборат бўлади.
Кузатув кенгашлари мутахассислик ва ўқув дастурларини меҳнат бозори талаблари асосида қайта кўриб чиқади. Битирув ишлари ва диссертациялар иқтисодиёт тармоқларидаги амалий муаммолар ечимига йўналтирилади.
22 та муҳандислик олийгоҳи хорижлик ҳамкорлар билан ҳар йили 25-30 та янги ўқув адабиёти яратади ёки илғор китобларни таржима қилиб, маҳаллий шароитга мослаштиради. 11 та тиббиёт олийгоҳи эса трансплантология, робот хирургияси, кам инвазив жарроҳлик ва биомуҳандислик каби йўналишлар учун замонавий адабиётлар тайёрлайди.
Олийгоҳларда халқаро стандартларга асосланган миллий таълим дастурлари ҳам кенгайтирилади. Келаси йил яна 20 та олийгоҳда шундай ёндашувни жорий этиш режалаштирилган.
Студенты в учебной аудитории - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.08.2026
Ўзбекистонда хорижий ОТМлар 4,3 баравар кўпайди — экспертлар нимадан огоҳлантирди
Янгиликлар лентаси
0