Россия ва Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик, янги божхона стратегияси, СИ — видео

Oбуна бўлиш
Ўзбекистон божхонасида декларациялар мос келса, товар бир дақиқада автоматик чиқарилиши мумкин. Тизимда 16 та сунъий интеллект модули ҳам синовдан ўтмоқда.
ТОШКЕНТ, 30 сен — Sputnik. Ўзбекистон божхонасида декларация маълумотлари хорижий ҳамкорлар ахбороти билан мос келса, товар божхона ходими иштирокисиз тахминан бир дақиқада автоматик чиқарилиши мумкин. Айни пайтда тизимда 16 та сунъий интеллект (СИ) модули ҳам синовдан ўтказилмоқда.
Бу ҳақда Тошкентда Ўзбекистон божхона брокерлари уюшмаси томонидан ташкил этилган "Божхона қонунчилиги ва ТИФдаги янгиликлар" мавзусидаги давра суҳбатида маълум қилинди.
Муҳокамада Божхона қўмитаси вакиллари, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, божхона брокерлари, транспорт ва логистика компаниялари ҳамда давлат органлари вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон Божхона қўмитасининг Стратегик режалаштириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Олимжоновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳозир тўққизта давлат, жумладан, Россия билан экспорт ва транзит декларациялари маълумотларини алмашмоқда.
Агар экспорт ва импорт декларацияларидаги маълумотлар бир-бирига мос келса, тизим товарни чиқариш ҳақида божхона ходими иштирокисиз автоматик қарор қабул қилиши мумкин. Бундай расмийлаштириш тахминан бир дақиқа вақт олади.
"Йил охиригача Туркия, Ҳиндистон ва Покистон билан ҳам шундай маълумот алмашинувини йўлга қўйишни режалаштирганмиз", — деди Олимжонов.
Божхона маъмуриятчилигини рақамлаштиришнинг яна бир йўналиши — сунъий интеллектдан фойдаланиш.
Айни пайтда Ўзбекистон божхона органларида 16 та сунъий интеллект модули синовдан ўтказилмоқда. Улар божхона қиймати ва ТИФ ТН кодини аниқлаш, ҳужжатларни таниб олиш, инспекция-кўрик мажмуалари орқали олинган тасвирларни таҳлил қилиш ва тақиқланган товарларни аниқлашда қўлланилмоқда.
"Сунъий интеллект транспорт воситасида қандай товар борлигини кўрсатади ва уни автоматик равишда декларация маълумотлари билан таққослайди", — деди Божхона қўмитаси вакили.
Давра суҳбатида ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги халқаро ҳамкорлик масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Ўзбекистон божхона брокерлари уюшмаси раиси Арсен Айрапетянснинг сўзларига кўра, мамлакат МДҲ, ЕОИИ ва бошқа давлатлардаги ҳамкасблар билан амалий алоқаларни кенгайтирмоқда.
Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон божхона брокерлари уюшмалари минтақавий кенгаш доирасида ҳамкорлик қилмоқда. Бундай алоқалар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига хорижда ишончли ҳамкорлар топиш ва контрагентлар билан юзага келадиган масалаларни ҳал қилишда ёрдам беради.
Айрапетянснинг таъкидлашича, россиялик ҳамкасблар ҳам Ўзбекистон уюшмаси аъзоларига хорижий ҳамкорлар билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатган ҳолатлар бўлган.
Унинг сўзларига кўра, бундай ҳамкорлик Ўзбекистон божхона қонунчилиги ва маъмуриятчилигида кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилаётган бир пайтда айниқса муҳим.
Божхонада қандай янги тартиблар жорий этилаётгани, сунъий интеллект амалиётда қандай ишлаётгани ва Россия ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига нима бериши ҳақида — Sputnik видеосида.
Заседание Совета руководителей таможенных служб стран СНГ - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 23.09.2026
Брестда МДҲ божхона хизматлар рахбарлари 17 та қарор қабул қилди
Янгиликлар лентаси
0