Будапешт учун реванш: Синдаров, Абдусатторов ва Ёқуббоев Хитой жамоаси билан ўйин ҳақида

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Хитойни мағлуб этиб, етти турдан сўнг еттита ғалаба билан пешқадамликни мустаҳкамлади.
ТОШКЕНТ, 24 сен — Sputnik. Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида етти турдан сўнг юз фоизлик натижани сақлаб қолмоқда. Шахматчилар еттинчи турда Хитой жамоасини мағлуб этиб, кетма-кет еттинчи ғалабасини қўлга киритди.
Бу баҳс ўзбекистонлик шахматчилар учун алоҳида аҳамиятга эга эди. 2024 йилда Будапештда ўтган 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон Хитойга 1,5:2,5 ҳисобида мағлуб бўлганди.
Хитойга қарши учрашувда Муҳиддин Мадаминов ва Жавоҳир Синдаров дуранг қайд этди, Нодирбек Абдусатторов ҳамда Нодирбек Ёқуббоев эса ўз партияларида ғалаба қозонди.
19 ёшли Мадаминов қора доналарда Сюй Сянъюйга қарши ўйнаб, мураккаб вазиятда дурангга эришди.
"Ўйин бошида жуда ҳаяжонландим. Рақибим тайёргарликда устунликка эга эди ва вақти ҳам кўпроқ эди. Лекин ўзимни қўлга олиб, охиригача курашдим. Қора доналардаги дурангни яхши натижа деб ҳисоблайман", — деди у.
Нодирбек Абдусатторов жамоа Хитойга қарши баҳсда бир-бирини қўллаб-қувватлаб ўйнаганини таъкидлади.
"Биз ҳаммага жамоа бўлиб ўйнаётганимизни кўрсатдик. Муҳиддин жуда яхши ўйнади. Жавоҳирнинг позицияси ҳам яхши эди, лекин у жамоа ғалаба қилаётганини кўриб, ортиқча таваккал қилмади", — деди Абдусатторов.
Унинг ўзи биринчи тахтада собиқ жаҳон чемпиони Дин Лиженни мағлуб этди. Абдусатторов Будапештда ҳам айнан шу рақибга қарши ўйнаган, аммо ўша партияда имкониятни бой берган эди.
"Будапештда у менга деярли ҳеч қандай имконият қолдирмаганди. Бу сафар дебютга ҳам, руҳий жиҳатдан ҳам яхши тайёрландим. Унинг хатосидан фойдаланиб, ғалаба қозондим", — деди шахматчи.
Жамоа аъзоларининг айтишича, Хитойга қарши баҳс олдидан Ҳиндистон устидан қозонилган ғалаба ҳам уларга қўшимча ишонч берган.
Абдусатторов Ҳиндистонни Ўзбекистоннинг асосий рақибларидан бири деб атади.
"2022 йилдан бери улар билан бир неча бор дуранг ўйнадик. Бу сафар ғалаба қозондик. Умид қиламанки, пешқадамликни охиригача сақлаб, биринчи ўринни эгаллаймиз", — деди у.
Нодирбек Ёқуббоев эса олдинда ҳали кучли рақиблар борлигини таъкидлади.
"Арманистон, АҚШ, Германия — барчаси кучли жамоалар. Уларни ҳам енгишга ҳаракат қиламиз", — деди шахматчи.
Жавоҳир Синдаровнинг сўзларига кўра, у ўз партиясида жамоадошларининг позицияларини ҳисобга олган ҳолда дурангга рози бўлган.
"Иккала Нодирбекнинг ҳам вазияти яхши эканини кўрдим. Жамоавий натижа муҳим эди. Ҳозирча ҳаммаси режамиз бўйича кетяпти", — деди Синдаров.
Ўзбекистон терма жамоаси етти турдан кейин еттита ғалаба билан мусобақада пешқадамлик қилмоқда. Олдинда яна тўртта тур бор.
Мен тузоқ қўйдим ва у унга тушди — Нодирбек Якуббоев Ҳиндистон устидан ғалаба ҳақида - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.09.2026
"Мен тузоқ қўйдим ва у унга тушди": кун қаҳрамони Ёқуббоев Ҳиндистон устидан ғалаба ҳақида
Янгиликлар лентаси
0